Ўзбекистон – БМТ: барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 20-24 сентябрь кунлари Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси тадбирларида иштирок этади.
Ўзбекистон 1992 йил 2 мартда БМТга тўла ҳуқуқли аъзо бўлди. Бу қадам ёш мустақил республика нафақат барча халқаро жараёнларда фаол иштирок этишга, балки ўз ташқи сиёсатини халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомига ҳурмат тамойилларига асослашга тайёр эканлигининг асосий тасдиғи бўлди.
Ўшандан бери ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтди ва шу давр ичида Тошкент таклифлари халқаро майдонда кенг акс-садо бераётган фаол глобал ташаббуслардан бирига айланди.
БМТдаги иштирок Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг суверенитети халқаро ҳамжамият томонидан тан олинишини таъминлаш, барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли мулоқот учун замин яратишда муҳим омил бўлаяпти. 1993 йилда Тошкентда БМТ ваколатхонасининг очилиши ҳамкорликнинг узоқ муддатли характерини мустаҳкамлаган яна бир муҳим воқеа сифатида тарихга кирди.
Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги устувор йўналишлари дастлаб халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши курашиш, барқарор ривожланишга кўмаклашиш, экологик муаммоларни ҳал этишдан иборат. Глобал экологик ҳалокатга айланган Орол денгизи инқирозига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Оролбўйи бўйича қатор ташаббусларни илгари сургани бежиз эмас, улар халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланди. Хусусан, 2018 йилда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди ташкил этилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистонга икки марта – 2017 йил июнь ва 2024 йил июль ойларида ташриф буюрди. Ташрифлар Тошкентнинг глобал муаммоларни муҳокама қилиш майдони сифатидаги роли ортиб бораётганини тасдиқлади.
2024 йил июль ойида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ташрифи чоғида шундай деган эди: “Ўзбекистон тинчлик ва хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари, иқлим ва барқарор ривожланиш каби барча соҳаларда бизнинг ишончли ҳамкоримиздир. Мамлакат БМТнинг кўп томонлама кун тартибини илгари суришда олдинги ўринларда туради”. Бундай юксак баҳо Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги алоқалар минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашдан тортиб, глобал Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишгача ҳар томонлама фаоллашганини тасдиқлайди.
2024 йилда Антониу Гутерриш жаҳонда ҳамжиҳатлик ва бирдамликни фаол илгари суриш, ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, мамлакат ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун Ўзбекистоннинг олий давлат мукофотларидан бири — олий даражали “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида мунтазам равишда нутқ сўзлайди. Унинг 72-, 75-, 76- ва 78-сессиялардаги нутқлари минтақавий хавфсизлик, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган муҳим сиёсий баёнотларга айланди.
Ўзбекистон делегациясининг қатор халқаро форумлар, жумладан, 2025 йилда Туркманистонда бўлиб ўтган Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар бўйича БМТ конференциясидаги иштироки ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу тадбирлар нафақат Ўзбекистоннинг фаол иштирокини, балки минтақа ва бутун халқаро ҳамжамият манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар киритишга тайёрлигини ҳам кўрсатди.
2018 йилдан 2025 йилгача Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси ташаббускори бўлди. Улар минтақавий хавфсизликдан барқарор туризм ва экологик муаммоларгача бўлган кенг доирадаги мавзуларни қамраб олади.
“Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” (2018 йил), “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида” (2021йил), “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисидаги ” (2022) ва “Ўрмонларни ўстириш ва қайта тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги” (2025) резолюциялари шулар жумласидандир.
Ушбу ташаббусларнинг ҳар бири Тошкентнинг халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган ғоялар генератори бўлишга интилишини намойиш этди. Хусусан, Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эътироф этиш ғояси глобал экологик ҳалокатга эътиборни қаратиш ва халқаро ҳамкорликнинг янги механизмларини яратишга хизмат қилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган “Пандемия давридаги давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисида”ги кодекс Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши глобал курашга қўшган ҳиссаси сифатида БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати ўлароқ тарқатилди. Эътиборлиси, ушбу ташаббус инқироз даврида глобал бирдамликнинг муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон минтақада биринчилардан бўлиб БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) миллий стратегик ҳужжатларга киритди. 2018 йилда БРМлар бўйича Миллий мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди, 2020 йилга келиб эса мамлакат шароитларига мослаштирилган 125 та кўрсаткичдан иборат кенг қамровли миллий рўйхат тасдиқланди.
Жорий йилда Ўзбекистон БРМ глобал индексида 19 поғонага кўтарилди ва дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта давлат қаторига кириб, минтақада етакчига айланди.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ва 2030 йилга қадар Миллий ривожланиш концепциясида БМТнинг камбағалликка барҳам бериш, сифатли таълим, гендер тенглиги, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни бошқариш ва рақамли трансформация каби глобал мақсадларига мос келадиган устувор вазифалар белгиланган.
БМТ агентликлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон бир қатор амалий натижаларга эришди. Хусусан, 2022-2024 йилларда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 8,9 фоизга тушиб, минтақадаги энг динамик кўрсаткичлардан бирига айланди. ЮНИCЕФ, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) томонидан қўллаб-қувватланган Ижтимоий тўловларнинг ягона реестрининг жорий этилиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қамраб олиш даражасини икки баравар, яъни 600 мингдан 1,2 миллион кишига оширди. ЮНИCЕФ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дастурлари болаларни эмлаш даражасини оширишга ва мактаб тизимини модернизация қилишга ёрдам берди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва БМТТДнинг Оролбўйи минтақасида ўрмонларни қайта тиклаш бўйича лойиҳалари минтақанинг “экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” мақомини мустаҳкамлади.
Айни пайтда мамлакатимизда БМТнинг кўплаб агентликлари, жумладан, БМТТД, ЮНИCЕФ, ФАО, ХМТ, ЮНЕСКО, Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси ва бошқалар фаолият юритмоқда. Улар биргаликда 2021–2025 йилларга мўлжалланган Барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорлик асослари доирасида умумий қиймати 293 миллион доллардан ортиқ бўлган 166 та лойиҳани амалга оширяпти.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонга ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуледан тортиб, ЮНИCЕФ ижрочи директори Кэтрин Рассел ва Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти бош директори Дарен Танггача бўлган БМТ агентликларининг ўнлаб раҳбарлари ташриф буюрди. Бу ташрифлар глобал муаммоларни муҳокама қилиш учун муҳим майдонга айланиб бораётган мамлакатга қизиқиш ортиб бораётганининг тасдиғидир.
2023 йилда Самарқандда Жаҳон туризм ташкилоти (ЮHВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси, 2025 йилда эса Давлат хизматлари форуми бўлиб ўтди.
2024 йилда Самарқандда ўтказилган БМТнинг Давлат хизмати форуми ва “БМТ-аёллар” тузилмаси билан ҳамкорликда ўтказилган Осиё хотин-қизлари форуми Ўзбекистоннинг муҳим халқаро ташаббуслар маркази сифатидаги роли ортиб бораётганининг ёрқин намунаси бўлди.
Жорий йилнинг май ойида Тошкентда “БМТ-аёллар” тузилмаси ваколатхонасининг расмий очилишида Ўзбекистоннинг гендер тенглигини таъминлаш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини кенгайтириш борасида эришган ютуқлари эътироф этилди.
2025 йилда Термиз шаҳридаги Халқаро транспорт ва логистика маркази Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармасининг глобал таъминот занжирига интеграция қилиниб, мамлакатнинг гуманитар жараёнлардаги ролини кучайтирди.
Мамлакатимизнинг БМТ институтлари билан ҳамкорлигидаги муҳим босқич Ўзбекистоннинг 2021–2023 йиллар учун Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани бўлди. Ушбу воқеа мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва миллий институтларни ислоҳ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътирофини мустаҳкамлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ЭКОСОС, 2025–2027), ХМТ бошқарув органи (2024–2027), Инсон ҳуқуқлари қўмитаси (2025–2028), БМТ Статистик комиссияси (2026–2029) ва ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасига аъзо бўлди.
Расмий Тошкент ҳозирданоқ БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2035–2036 йиллар учун доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини фаол илгари сурмоқда, бу эса халқаро дипломатия ривожида янги босқич бўлади.
2025 йил октябрь-ноябрь ойларида Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтади. Бу воқеа нафақат Ўзбекистон, балки бутун халқаро ташкилот тарихига муҳим воқеа бўлиб киради. Яъни 40 йил ичида биринчи марта ЮНЕСКО Бош конференцияси ташкилотнинг анъанавий бош қароргоҳи – Париждан ташқарида ўтади. Бундай кенг кўламли форумни ўтказиш жойи сифатида Самарқанднинг танлангани бежиз эмас. ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ушбу қадимий шаҳар Шарқ ва Ғарбни бирлаштирган маданият ва цивилизациялар чорраҳаси ўлароқ, шуҳрат қозонган. Ўзбекистон учун ушбу қарор мамлакатнинг маданий меросини асраб-авайлаш, фан, таълим ва маданият соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини эътироф этилишидир. Шунингдек, бу мамлакатнинг халқаро майдонда ишончи юксаклигидан далолат беради.
Буларнинг барчаси Ўзбекистон халқаро жараёнларнинг марказига айланганини тасдиқлайди.
БМТ билан ўттиз йиллик ҳамкорликда Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг ёш аъзосидан глобал ечимларнинг фаол ташаббускорларидан бирига айланди. Бугунги кунда мамлакат нафақат ташкилот мақсадларини амалга оширишда иштирок этади, балки иқлим ўзгаришига қарши курашишдан тортиб, цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни рағбатлантиришгача бўлган тегишли кун тартибини шакллантиришга ҳам ташаббус кўрсатмоқда.
Расмий Тошкент учун БМТ кўп томонлама дипломатия учун энг муҳим платформа бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон эса халқаро ҳамжамият учун ташаббуслари ва амалий қадамлари халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида реал аҳамият касб этаётган ишончли шерикка айланмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида иштироки мамлакатимизнинг кўп томонлама мулоқотни мустаҳкамлаш ва глобал ташаббусларни илгари суриш борасидаги стратегик йўналишини яна бир карра таъкидлаш борасида муҳим воқеа бўлади. Бу иштирок, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро ғоялар ташаббускори сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди ва ХХI асрнинг умумбашарий кун тартибини шакллантиришдаги муҳим ролини тасдиқлайди.
“Дунё” АА