Ўзбекистоннинг биринчи хоними Хитойдаги маданий тадбирларда иштирок этди

1 сентябрь куни Тяньцзинь шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида давлат ва ҳукуматлар раҳбарларининг рафиқалари иштирокида маданий тадбирлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева Хитой Халқ Республикаси Раисининг рафиқаси Пэн Лиюань, Туркия биринчи хоними Эмине Эрдўған, Озарбайжон биринчи хоними Меҳрибон Алиева, Мўғулистон биринчи хоними Лувсандорж Болорцэцэг, Арманистон Бош вазирининг рафиқаси Анна Акопян, Непал Бош вазирининг рафиқаси Радхика Шакья ва Камбоджа Бош вазири рафиқаси Пич Чанмони билан биргаликда Хайхэ дарёси бўйлаб теплоходда сайр қилишди.
Буюк Хитой текислиги бўйлаб оқувчи Хайхэ дарёси шаҳар тарихида муҳим роль ўйнаган. Турли даврларда дарёнинг этагида пойтахтни ҳимоя қилиш учун мўлжалланган қалъалар қурилган.
Биринчи хонимлар ушбу қалъаларни кўздан кечирди. Меҳмонлар учун саҳналаштирилган томоша ҳам ташкил этилди. Маданий мерос, анъанавий санъат ва тарихни асраб-авайлаш муҳимлиги алоҳида қайд этилди. Зеро, улар халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Биринчи хонимлар табиат қўйнида мамлакатлар халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистоннинг биринчи хоними Тяньцзинь шаҳридаги энг йирик бадиий-тарихий музейга ҳам ташриф буюрди. Бу маданият маскани Хитойдаги биринчи тоифали музейлардан ҳисобланади. У собиқ Тарих музейи ва Санъат музейи экспонатларини ўзида бирлаштирган. Музейнинг янги биносида кўргазма заллари, омборлар ва илмий тадқиқот марказлари жойлашган. Музей коллекциясида 218 мингга яқин экспонат мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти “қимматли маданий дурдоналар“ тоифасига киритилган.
Юқори мартабали меҳмонга Тяньцзиннинг тарихий аҳамияти ва унинг бой тарихи акс этган учта асосий экспозиция – “Қадимий Тяньцзинь“, “Тяньцзинда Хитой маданиятининг юз йили“ ва “Яоши хазиналари — маданий дурдоналарнинг бетакрор экспозицияси“ намойиш этилди.
Музей коллекциясида 60 дан ортиқ ноёб санъат асарлари тўплами, жумладан, қадимий бронза буюмлари, нефрит, хаттотлик ва тасвирий санъат намуналари, чинни буюмлар бор.
Шу куннинг ўзида Зироат Мирзиёева Ўзбекистон Президенти билан бирга Пекинга етиб келди.