Янгиланаётган Конституция: Интернетдан фойдаланишни таъминлаш давлатнинг мажбурияти сифатида белгиланмоқда
Айни пайтда давр талабларидан келиб чиқиб, конституциявий ислоҳот доирасида Ўзбекистоннинг Асосий қонуни 65 фоизга янгиланмоқда. Таъкидлаш жоизки, умумхалқ муҳокамаларида амалдаги Конституцияни такомиллаштириш бўйича 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди ва уларни ўрганиш асосида янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси тайёрланди. Ушбу янги таҳрирдаги Конституция бўйича референдум 30 апрелда бўлиб ўтади.
Конституциянинг янги таҳрири лойиҳасида демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат институтларининг ҳуқуқий асослари кучайтирилган, инсон ҳуқуқлари, шу жумладан, сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган нормалар такомиллаштирилган ҳамда Интернет бўйича алоҳида норма ўз аксини топган.
Шу ўринда, сўз эркинлиги ва Интернетдан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги ушбу янги нормалар нималардан иборат, шуларга алоҳида тўхталиб ўтмоқчимиз.
Маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ОАВ фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий ва институционал механизмлари кучайтирилди, давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлиги даражаси оширилди, қонунчилик ва амалиёт такомиллаштирилмоқда. Умуман олганда мамлакатимизда сўз эркинлиги институтлари мустаҳкамланмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситаларида ошкоралик, таҳлил ва холис танқид руҳи кучайганини кузатишимиз мумкин. Бу, албатта, сўз эркинлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган сиёсатнинг ютуқларидан далолатдир.
Натижада Матбуот эркинлиги индексида (Чегара билмас мухбирлар) Ўзбекистон 2022 йилда 2016 йилга нисбатан 33 поғона юқори баҳоланган.
Табиийки, саволлар туғилади: қонунлар сўз эркинлиги соҳасидаги вазиятни ёмонлаштирмаслигига кафолатлар борми ва амалдаги Конституция сўз эркинлигини қанчалик самарали кафолатлайди?
Бу саволларга жавоб бериш учун, аввало сўз эркинлиги нимани англатишини тушунтириш мақсадга мувофиқ.
Сўз эркинлиги инсоннинг шахсий ҳуқуқи бўлиб, ўз фикрини билдириш, ахборот ва ғояларни олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳар бир инсоннинг фикр эркинлиги ва уларни эркин ифодалаш ҳуқуқига эгалиги, бу ҳуқуқ ҳеч бир аралашувсиз ўз фикрига эга бўлиш, ҳар қандай оммавий ахборот воситалари орқали ва давлат чегараларидан қатъи назар маълумот ва ғояларни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олиши белгиланган.
Кейинчалик мазкур ҳуқуқ Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳалқаро пактда мустаҳкамланиб, унда ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш алоҳида мажбурият ва масъулият юклаши, шунинг учун қонунда назарда тутилган маълум чекловларни ўрнатиш талаб этилиши белгиланган. Бундай чекловлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, обрў-эътиборини ҳурмат қилиш, жамият саломатлиги ва ахлоқини ҳимоя қилиш, тартибсизликларнинг олдини олиш ва давлат хавфсизлигини таъминлаш учун зарурлиги белгиланган.
Мазкур талаблар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳалқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги талаблардир.
Маълумки, амалдаги Конституциямизнинг 29-моддаси сўз эркинлигини кафолатлаш бўйича нормаларни ўзида акс эттиради. Лекин мазкур моддада юқорида кўрсатилган сўз эркинлигини чеклаш борасидаги талаблар аниқ ифодаланмаган. Бундан ташқари, қонун ижодкорларига кенг имконият яратувчи, сўз эркинлигини ҳаддан ташқари чеклаш имкониятини берувчи ибора ишлатилган, яъни “қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар” мумкинлиги кўрсатилган. Бинобарин, сўз эркинлигини таъминлаш ва уни чеклаш соҳасидаги қабул қилинадиган қонунларнинг айрим нормалари ифодаси уларни кенг талқин қилиш имконини беради, бу эса, табиийки, ушбу ҳуқуқни амалга оширишда муаммоларга олиб келади.
Мазкур камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, сўз эркинлиги ҳуқуқи кафолатини кучайтириш мақсадида фуқаролар ва мутахассисларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда, Конституциянинг янги таҳририга муҳим прогрессив ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Биринчидан, сўз эркинлиги ҳуқуқи аниқ ифодаланмоқда; иккинчидан, ушбу ҳуқуқни чеклашнинг аниқ мезонлари ва чегаралари белгиланмоқда; учинчидан, давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади, деб алоҳида давлатнинг мажбуриятини белгиловчи янги норма киритилмоқда.
Энди мазкур нормага, яъни давлатнинг Интернетдан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш мажбуриятини белгиловчи нормага батафсил тўхталиб ўтсак.
Жаҳон ахборот тармоғи деб аталувчи Интернет бугунги воқеликда сўз эркинлиги ҳуқуқини амалга ошириш воситасигина эмас, балки кенгроқ маъноли тушунчага айланган. Шубҳасиз, бу бизга кенг имкониятлар ва тезликни очиб берди. Хусусан, узоқдаги яқинлар, дўстлар билан мулоқот қилиш, таълим олиш, маълумотлар ва хизматлардан осон фойдаланиш каби имкониятларни, шунингдек, ахборотни тез қабул қилиш ва узатиш имкониятини бермоқда.
Масалан, биз уйимиздан чиқмасдан давлат хизматларидан фойдаланишимиз мумкин, маҳсулот ёки озиқ-овқатлар бизга етказилиб берилиши мумкин. Бундай хизматлар учун тўловни онлайн ҳам амалга оширишимиз, шу билан бирга, Интернет туфайли масофадан туриб ҳам ишлашимиз мумкин.
Бугун Жаҳон ахборот тармоғида фаолият кўрсатувчи янги касблар пайдо бўлди, масалан, блогерлар, ютуберлар,смм-мутахассислари.
Бундан ташқари COVID-19 пандемияси Интернетнинг аҳамиятини янада оширди.
Бир сўз билан айтганда, Интернет ҳаётимизни осонлаштирди, барча соҳалардаги тараққиётни кўп марта тезлаштирди. Бугун биз бир вақтнинг ўзида иккита маконда – офлайн ва онлайн фаолият юритамиз, деб айта оламиз.
Албатта, бундай имкониятлар ҳимоясини кучайтириш керак.
Агар халқаро ва хорижий тажрибага назар ташласак, янги конституциявий тенденцияни кузатишимиз мумкин. Масалан, Грузия ва Мексика конституциялари Интернетга кириш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлайди. Айрим давлатларнинг янги конституцияларида ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар, кибермакон каби атамалар қўлланилмоқда, яъни Интернет тармоғи билан боғлиқ ҳуқуқлар кафолати босқичма-босқич конституциявий даражада мустаҳкамланмоқда.
Бундан ташқари, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши Интернетни инсон ҳуқуқларини амалга оширишнинг муҳим воситаларидан бири деб алоҳида таъкидлади. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан 2018 йил 5 июлда қабул қилинган резолюцияда Кенгаш шахснинг офлайнда бўлган ҳуқуқлари онлайнда ҳам ҳимоя қилиниши кераклигини яна бир бор тасдиқлади.
Бугунги кунда давлатнинг Интернет тармоғидан фойдаланиш учун шароитларни таъминлаш мажбурияти ўз ҳудудида фуқароларга очиқ ва хавфсиз интернетдан фойдаланиш шароитини таъминлашдан иборат. Бу қуйидагиларни назарда тутади: биринчидан, мамлакатнинг барча ҳудудларида юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини кўриш; иккинчидан, техник инфратузилманинг мавжудлигини таъминлаш; учинчидан, Интернет фойдаланувчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутади.
Хўш, нима учун бу ҳимояни айнан конституциявий даражада белгилаш лозим?
Рақамли технологиялар вазирлигининг маълумотларига кўра, мамлакатимизда 2016 йил 12,1 миллион ортиқ интернетдан фойдаланувчилар бўлган бўлса, хозирги кунда бу рақам 31 ммиллион етган. Ўзбекистон ҳудудининг Интернет билан қамрови даражаси 2016 йил 28 фоизни ташкил этган бўлса, бугун ушбу кўрсатгич 98 фоизга етди. 2016 йилдан бери интернет-каналларининг умумий ўтказиш қобилияти (тезлиги) деярли 50 баробарга – 64,2 дан 3 200 Гбит/с гача оширилди. Провайдерлар учун Интернет хизматлари тарифлари нархи 1 Mбит/с учун 91,5 дан 3 долларгача, яъни 30 баробарга арзонлашди.
Ўзбекистонда рақамлаштиришни ривожлантиришга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда: 2020 йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниб, махсус Давлат дастури ҳам қабул қилинган, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси амалга оширилмоқда.
Натижада Ўзбекистоннинг рақамлаштириш бўйича ўрни халқаро рейтингларда сезиларли даражада кўтарилди. Хусусан, Жаҳон банкининг “GovTech Maturity Index” натижаларига кўра, давлат хизматлари сектори бўйича Ўзбекистон 37 поғона юқорилаб, 198 мамлакат ичида 43-ўринни эгаллади ва рақамли трансформация соҳасида етакчи мамлакатларнинг “А” гуруҳига киритилди. Шу нингдек, “GovTech Enablers” индексига мувофиқ, рақамли кўникмалар ва давлат хизматларидаги инновациялар бўйича мамлакатимиз дунёда 4-ўринни эгаллаб, 2020 йилга нисбатан 65 поғона юқорилаган.
Бу борадаги ислоҳотлар давом этиши ва бу тизимли асосда бўлиши лозим. Лекин, бизда Интернетдан фойдаланишни таъминлаш учун етарли ҳуқуқий ва ташкилий механизмлар мавжудми? Юртимизнинг барча ҳудудларида юқори тезликдаги Интернет бор деб айта оламизми? Ёки, бизнинг ҳуқуқларимиз Интернет маконида яхши ҳимояланганми? Шунингдек, қонунлар Интернетдан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги шароитни ёмонлаштирмаслигига кафолатлар борми? Aлбатта, бу саволларга жавоб бериш керак.
Шу сабабли, Интернет тармоғидан фойдаланишни таъминлаш бугунги кунда давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Мамлакатимиз Интернет тармоғига кириш кафолатларини таъминлаш соҳасида бошланган ислоҳотларни давом эттирмоқда. Бинобарин, Интернетдан фойдаланиш учун шарт-шароитни яратиш борасидаги давлатнинг мажбурияти конституциявий даражада белгиланмоқда.
Мазкур норманинг Конституциямизда мустаҳкамланиши, биринчидан, бу борадаги қонунчилигимиз ва амалиётимизни тизимли асосда такомиллаштиришга хизмат қилади; иккинчидан, ҳуқуқларимизни онлайн маконда самарали амалга оширишга ҳамда Интернетдан фойдаланиш хавфсизлигини кучайтиришга хизмат қилади; учинчидан, давлат органлари фаолиятининг янада шафофлигини ва очиқлигини таъминлайди.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги Конституциянинг муҳим янгиликларидан бири шундаки унда Конституция ва инсон ҳуқуқларининг тўғридан-тўғри ва бевосита амал қилиши тўғрисида нормалар мустаҳкамланмоқда. Бу эса, уни самарали ва тирик Конституцияга айлантириши шубҳасиз.
Умуман олганда, хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Конституциянинг янги таҳриридаги мазкур нормалар мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш соҳасидаги сиёсатни янги босқичга кўтариш имкониятини бериб, жамиятимизда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигини ҳурмат қилиш маданиятини юксалтиришга хизмат қилади, шунингдек, юқори сифатли ва хавфсиз интернетдан фойдаланиш шароитларини яратади.
Дониёр Тўраев,
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти директор ўринбосари
ЎзА