Конституция – тинч ва осуда кунлар кафолати
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Бухоро вилояти ва Ғиждувон тумани Кенгашлари ташаббуси билан “Конституция – тинч ва осуда кунлар кафолати” тадбир ташкил этилди.
Тарғибот-ташвиқот тадбирида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов, парламет қуйи палатаси ва маҳаллий кенгаш депутатлари, партия вилоят ва туман, шаҳар Кенгаши масъуллари, фахрийлар Кенгаши аъзолари, пешқадам тадбиркор ва фермерлар, аёллар ва ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбирда Янги Ўзбекистонни барпо этишдек олий мақсад сари қўйилган қадамлар албатта асосий қонунимизни янгилаш зарурлигини тақозо этгани ва янги таҳрирдаги ҳужжатда Ўзбекистон ижтимоий давлат деган ғоя асосий мезон қилиб олингани таъкидланди. Конституциямизни қайта ишлаб чиқишда бевосита халқнинг таклифлари, хоҳиш-истаклари эътиборга олингани, ҳужжат референдумга қўйиш орқали қабул қилиниши қайд этилди.
Дарҳақиқат, Янгиланаётган Бош қомусимизда миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда мулк ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда. Жумладан, нафақат банк омонатлари, балки банк операциялари ва ҳисоб варақларнинг ҳам сир тутилиши кафолатланмоқда. Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги ўрнатилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эмма Аслонованинг фикрича, янгиланаётган Конституцияга мувофиқ давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминланишни мустаҳкамламоқда. Мазкур норма инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлашга, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади.
Тарғибот тадбирида Парламент қуйи палатаси депутати Мадина Баротова сўз олар экан, янги таҳрирдаги Асосий қонун халқимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинликларининг ҳимоясини ҳар томонлама таъминлашини, зотан Бош Қомусимизнинг барча моддаларида инсон омили олий мақсад қилиб олинганлигини қайд этди.
Ҳеч шубҳасиз, ҳар битта юртдошимиз Конституция шарофати туфайли ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлатда амалга оширилаётган ислоҳотлардан тўлиқ баҳраманд бўлади. Партия вилоят Кенгаши ҳузуридаги Фахрийлар Кенгаши раиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Беҳбуд Жумаев мамлакатимизда меҳнат фахрийлари чинакамига фахримизга айланаётгани, бугун инсон қадри ҳар нарсадан устунлиги, “Инсон – жамият – давлат” тамойили тобора устуворлик касб этиб бораётганини эътироф этди.
Эътиборлиси, ушбу муҳим ва халқпарвар жараён эндиликда халқчил Конституцияда ҳам ўз ифодасини топганлиги боис, ёшу-қари жорий йилнинг 30 апрелида ўтказиладиган референдумда якдиллик билан овоз беришни кўнгилларига тугиб қўйган. Негаки, Конституция бугунимиз ва эртамиз, узоқ йилларга мўлжалланган ҳуқуқий ҳужжат ҳар томонлама мукаммал, инсон ва унинг манфаатларига тўла-тўкис хизмат қиладиган ҳаётбахш дастуриламалдир.
–Тадбиркорликни бошлаганимга анча йиллар бўлди, – дейди маҳаллий тадбиркорлардан бири, туман Кенгаши депутати Замира Сафарова. – Бор йўғи 2-3 киши билан ўз фаолиятимни бошлаган бўлсам, бугунги кунда 45 нафар ҳамюртларимизнинг бандлиги таъминланган “Ғиждувон машҳураси” хусусий корхонасига раҳбарлик қиляпман. Асосан, қурилиш-пардозлаш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган тадбиркорлик субъектимиз фаолиятининг самараси ўлароқ дунёдаги бир қатор мамлакатларга, жумладан, Туркия, Қирғизистон, Исроил, Нидерландия сингари давлатларга экспорт маҳсулотларини юборяпмиз. Эришаётган ютуқларимизнинг барчаси юртимизда соҳа ходимлари учун яратиб берилган имкониятлар шарофатидир. Мен оила аъзоларим ва меҳнат жамоам билан бирга жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда иштирок этаман. Ватанимиз равнақи, элимиз тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги кафолати бўлган Конституцияни ёқлаб овоз беришга барчани чақириб қоламан.
Тадбирда Бухоро туманидаги “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Муҳаммад Аҳмедов ҳам сўзга чиқиб, ўзини тўла оқлаётган кластер тизими юртимиз аграр соҳасида ҳам пировард натижаларни бериб келаётганини, бу айниқса пахта тўқимачилик кластерлари фаолиятида аниқ кўзга ташланаётганлигини айтиб ўтди.
Тарғибот-ташвиқот тадбирида сўз олганлар ўз ҳамюртларини референдум кунида Янгиланаётган Конституция учун овоз беришга чақирди.
Тадбир давомида маҳаллий санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва жозибали рақслар барчага байрамона кайфият бағишлади.
Шу куни партия лидери “Парвоз Хумо Равнақ Транс” МЧЖ ҳамда тумандаги “Тилло” фермер хўжалигида ҳам бўлиб, меҳнат жамоалари аъзолари билан бўлажак референдум ҳамда конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди. Корхона ишчи-хизматчилари ҳамда фермерлар 30 апрелда Янгиланаётган Констутция учун якдиллик билан овоз беришларини билдирди.
Зариф Комилов,
ЎзА