“Самарқанд руҳи” инсониятни умумий тараққиёт сари янада бирлашишга ундайди

Президент Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида иштирок этиш учун 30 октябрь куни Самарқандга ташриф буюрди.
Эзгу анъанага мувофиқ, аввало, Имом Бухорий мақбараси зиёрат қилинди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Президентимиз мажмуадаги сўнгги пардозлаш ишлари, ҳудудда амалга оширилаётган ободонлаштириш жараёнлари билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мазкур мажмуа буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилди.

Мажмуа ҳудуди кенгайтирилиб, айни пайтда унинг умумий майдони 44 гектарга етди. Мўътабар мақбара, 10 минг кишилик масжид ва маъмурият биноси, музей, кириш ва чиқиш айвонлари қуриб битказилган. Зиёратгоҳнинг 4 бурчагидаги 75 метрлик миноралар унга маҳобат бағишлаган.
Давлатимиз раҳбари янги масжиддаги бунёдкорликни кўздан кечирди.
Президентимиз ҳар гал Самарқандга келганида мажмуанинг қурилиши жараёни билан танишиб, бу жой фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши, Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ҳамда камолоти зиёратчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши кераклигини таъкидлаганди.
Шу мақсадда янги мажмуада инновацион музей ҳам ташкил этилди. У ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади. Шунингдек, музейда Қуръони каримда исмлари зикр қилинган 25 та пайғамбар тарихи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти, ҳадисларнинг жамланиши ва ёзилиши ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган.
Зиёратгоҳ атрофидаги меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш биноларида ҳам қурилиш ишлари якуний босқичга кирган. Битта тўрт юлдузли, иккита уч юлдузли ва 22 та оилавий уй меҳмонхоналари ташкил этилди.
Президентимиз мажмуа фаолиятини сифатли ташкил этиш, одамларга қулайликларни кенгайтириш, яшил майдонларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Эзгу ниятлар билан мажмуа ҳудудига дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Ҳазрати Ҳизр мажмуасида бўлиб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасига гул қўйди. Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.



Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари анжуман иштирокчиларини маданиятлар ва цивилизациялар чорраҳасида жойлашган меҳмондўст Ўзбекистон заминида самимий қутлади. Сербия Президенти Александр Вучич, Словакия Президенти Петер Пеллегрини, ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакилларига, барча делегацияларга конференцияда иштирок этаётгани учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Президентимиз сўзининг аввалида бу галги сессия сўнгги 40 йилда биринчи марта ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳидан ташқарида ўтказилаётганини таъкидлади.
– Бундай нуфузли форумнинг мамлакатимизда ўтказилаётганини Ташкилотга аъзо давлатларнинг Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли, жадал ислоҳотларга бўлган юксак ишончининг ёрқин ифодаси деб қабул қиламиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон етакчиси ташкилот ўзининг 80 йиллик фаолияти давомида таълим, фан, маданият ва ахборот соҳаларида глобал ҳамкорликни, ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган нуфузли халқаро институтга айланганини қайд этди.
Шу маънода, халқларнинг миллий ўзига хослиги, уларнинг маданий меросини сақлаб қолиш, турли динлар ўртасида яқин мулоқотни мустаҳкамлашда ЮНЕСКОнинг роли ортиб бораётгани таъкидланди.
– Анжуманимиз инсониятнинг тарих солномасига гуманистик ғоялар, нодир билимлар, цивилизациялараро мулоқот маркази сифатида кирган Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганида чуқур рамзий маъно бор, – деди мамлакатимиз етакчиси.
Давлатимиз раҳбари илм-фан, адабиёт ва маданият бешиги бўлган Самарқанднинг буюк меросини ёдга олди. Хусусан, Коперник ва Кеплер кашфиётларига асос бўлган машҳур юлдузлар жадвали яратилган Мирзо Улуғбек расадхонасини эслатиб ўтди. Президентимиз меҳмонларни Буюк ипак йўли дурдонаси, тинчлик ва халқлар дўстлиги диёри бўлган Самарқанд руҳидан баҳраманд бўлишга чорлади.
Геосиёсий кескинлик ва ҳарбий низолар ноёб ёдгорликлар ва маданий меросга зиён етказаётгани, билим ва рақамли технологиялардан фойдаланишдаги тафовут глобал тенгсизликни кучайтираётгани қайд этилди.
Ўзбекистон раҳбари бундай мураккаб шароитда ЮНЕСКОнинг асосий вазифаларини бажариш учун бирдамликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. Ўзбекистон ташкилотнинг эзгу мақсадларига содиқлигини, конструктив ҳамкорлик учун очиқ майдон сифатида Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.
Бугунги кунда мамлакатимиз ЮНЕСКО билан 2027 йилгача мўлжалланган беш йиллик ҳамкорлик дастурини амалга оширмоқда. Унинг доирасида буюк мутафаккир ва арбоблар – Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзод юбилейларига бағишланган тадбирлар ўтказилди, шунингдек, Хоразм Маъмун академияси каби илмий муассасалар ва адабий ёдгорликлар, жумладан, “Алпомиш” достонининг тарихий саналари кенг нишонланди.
Бутунжаҳон мероси шаҳарлари – Хива, Бухоро, Шаҳрисабз ва Самарқандга Зарафшон-Қорақум йўлаги бўйидаги ёдгорликлар қўшилди. Ғарбий Тянь-шань ва Турон чўлларининг табиий ҳудудлари минтақанинг ўзига хос биохилма-хиллигини акс эттиради.
Президентимиз Ўзбекистоннинг йигирмага яқин номоддий мероси – “Шашмақом”, Катта ашула, “Лазги” рақси, аския санъати, Наврўз байрами, атлас ва адрас тўқиш анъаналари ЮНЕСКО эътирофига сазовор бўлганини эслатди. Ташкилот шафелигида "Шарқ тароналари", “Мақом санъати”, Бахшичилик, Ҳунармандчилик ва Этноспорт фестиваллари ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган “Хива жараёни: Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш” резолюцияси, “Кичик ёшдаги болаларга ғамхўрлик қилиш ва таълим бериш бўйича Тошкент декларацияси” ҳамда “Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан Тошкент декларацияси” каби ҳужжатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатимизда ЮНЕСКОнинг кафедралари ва ҳамкор мактаблари фаолият юритмоқда, Тошкент ва Фарғона шаҳарлари Таълим шаҳарлари глобал тармоғига киритилган. Шунингдек, юзлаб маданий мерос объектлари замонавий технологиялар ва халқаро стандартлар асосида реставрация қилинди.
Президентимиз Самарқанд конференцияси доирасида қўшимча тадбирлар – Бухорода замонавий санъат биенналеси, Тошкентда Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази очилиши, Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотини топшириш маросими, музейлар соҳасида сунъий интеллектни қўллаш масалалари бўйича конференция ўтказилаётганини маълум қилди. Шунингдек, Ўзбекистон олий таълим соҳасидаги квалификацияларни тан олишга оид Глобал конвенцияга қўшилади.
Давлатимиз раҳбари ЮНЕСКО фаолиятининг асосий йўналишларини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни илгари сурди.

Инклюзив таълимни ривожлантириш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш устувор йўналиш экани таъкидланди. Президентимиз ЮНЕСКОнинг алоҳида эҳтиёжли болалар учун Инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини яратиш ва Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказишни таклиф қилди. Ўзбекистон ЮНЕСКО шафелигида “Сунъий интеллект – мактаб” пилот лойиҳасини амалга ошириш ва Сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар форумини ташкил этишга тайёр.
Ўзбекистон етакчиси номоддий маданий меросни асраб-авайлаш зарурлигини таъкидлади. Халқ оғзаки ижоди, қўлёзмалар, архивлар ва қимматли тарихий ҳужжатлар, маданий маълумотлар каби ноёб мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш мақсадида таъсис этилган ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастурини ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирилди.
19 ноябрь санасини Халқаро ҳужжатли мерос куни деб эълон қилиш, шунингдек, ЮНЕСКО тузилмасида Рақамли мерос халқаро институтини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Давлатимиз раҳбари 2027 йилда Бухорода ЮНЕСКОнинг Ижодкор шаҳарлар тармоғи доирасида Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати бўйича халқаро конгресс ўтказишни таклиф этди.
Президентимиз гендер тенгликни илгари суриш ва хотин-қизларнинг етакчилик қобилиятини ривожлантириш мақсадида ЮНЕСКОнинг Хотин-қизлар етакчилиги академиясини ташкил этиш ҳамда Самарқандда дунёнинг барча қитъаларидан таниқли тадқиқотчилар, санъат намояндалари, педагоглар ва новаторлар иштирокида Таълим, маданият ва илм-фан соҳаларидаги хотин-қизларнинг глобал форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Иқлим инқирозига қарши биргаликда самарали курашиш ҳам долзарб масала сифатида қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари иқлим ўзгариши маданий меросга салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаб, “ЮНЕСКОнинг Экологик пойтахти” глобал ташаббусини таъсис этиш, шунингдек, ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг “Глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни асраш тўғрисида”ги резолюциясини ишлаб чиқишни таклиф этди. Ўзбекистон Хива шаҳрида шу мавзуда халқаро симпозиум ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Виртуал маконда нохолисахборотлар тарқалишига қарши курашиш, жамоатчилик фикрини ҳимоя қилиш ва камситишларга қарши курашиш ҳам устувор йўналишлар қаторида. Президентимиз Болалар маданий контенти халқаро фестивалини ўтказиш ва ЮНЕСКОнинг Медиа саводхонликни ривожлантириш бўйича комплекс стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф этди.
Давлатимиз раҳбари динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, радикализм ва исломофобияга қарши курашиш, ислом маданияти ва маърифатини бутун дунёда тараннум этиш кераклигини таъкидлади: “Бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва тотувлик каби умуминсоний ғояларни кенг тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим”.
Ўзбекистондаги ноёб лойиҳалар – Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказлари салоҳиятидан фаол фойдаланиш таклиф этилди.
Ўзбекистон Президенти форум ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш, ўзаро ишонч ва глобал шерикликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни илгари суришда муҳим қадам бўлишига ишонч билдирди.
– ЮНЕСКОнинг боқий анъана ва қадриятларидан куч олаётган “Самарқанд руҳи” бизни умумий тараққиёт сари янада бирлашишга ундайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари анжуман иштирокчиларига муваффақият ва самарали фаолият тилаб, тадбирнинг тинчлик, дўстлик ва ўзаро англашув тимсоли бўлган Самарқанд шаҳрида ўтаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади.
Бу Ўзбекистоннинг юксак халқаро нуфузи ва цивилизациялар мулоқотини ривожлантириш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ҳамда инсоният маданий меросини асраб-авайлашга қўшаётган ҳиссасини тасдиқлайди.
Очилиш маросими якунида Ўзбекистон ва хориж санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Унда симфоник оркестр, хор жамоаси ва миллий ансамбль ижросида ўзбек мумтоз куй-қўшиқлари ва жаҳон мусиқасининг сара асарлари замонавий талқинда янгради.
Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош директори Одри Азулени қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон билан БМТнинг ушбу нуфузли институти ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида Одри Азуле давлатимиз раҳбарини тарихий воқеа – ташкилот Бош конференциясининг 43-сессияси сўнгги 40 йилда илк бор ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳи ташқарисида ўтказилаётгани билан самимий табриклади.
Ўзбекистоннинг конференцияни юксак савияда ташкил этиш, шунингдек, уни амалий аҳамиятга эга тадбирлар билан бойитиш борасидаги кенг кўламли ишларига ижобий баҳо берилди.
Хусусан, ЮНЕСКОнинг Мактабгача таълим бўйича минтақавий маркази ишга туширилади, Беруний мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими, Самарқанд шаҳрининг 3000 йиллиги муносабати билан махсус тадбир, шунингдек, музейлар, сунъий интеллект, гендер мавзулари бўйича форумлар ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Биргаликда болалар таълими бўйича бутунжаҳон конференцияси ўтказилди, Парижда Берунийнинг 1050 йиллиги нишонланди, буюк аллома шарафига халқаро мукофот таъсис этилди.
Ўзбекистоннинг ташаббуси билан ЮНЕСКОнинг учта муҳим резолюцияси қабул қилинди. Ташкилотнинг махсус рўйхатларига Ўзбекистоннинг бир қатор янги объектлари ва маданий қадриятлари киритилди.
ЮНЕСКО билан шерикликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш, устувор йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти фан, таълим ва маданият соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришдаги катта хизматлари ҳамда халқимизнинг бой маданий меросини кенг оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун Одри Азуле хонимга давлатимизнинг юксак мукофоти – “Дўстлик” орденини топширди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Ғолиб ҲАСАНОВ, Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА махсус мухбирлари