"Made in Uzbekistan" бренди остидаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари Сингапурда намойиш этилди

Шу йилнинг 17-18 октябрь кунлари Сингапурда "Made in Uzbekistan" бренди остидаги Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда мамлакатимизда етиштирилаётган табиий ва экологик тоза ҳўл ва қуритилган мевалар, заъфарон, ёнғоқ, дуккаклилар ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари намойиш этилди. Ушбу экспортбоп маҳсулотлар ўзининг юқори сифати ва табиийлиги билан сингапурлик харидорлар эътиборини тортди.
Кўргазма давомида Сингапурнинг кўплаб импортчи компания ва савдо ташкилотлари, жумладан "Sheng Siong", "Mustafa Centre", "Hao mart", "Hupco" каби йирик савдо тармоқлари Ўзбекистон маҳсулотларига катта қизиқиш билдирди. Томонлар ўртасида дастлабки музокаралар ўтказилиб, маҳаллий маҳсулотларни Сингапур бозорига етказиш бўйича келишувларга эришди.
Бўлиб ўтган кўргазма Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда Сингапур ва умуман Жанубий-Шарқий Осиё минтақаси билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.