Ўзбекистон – БМТ: учрашувлар ғояларни ҳаётий ҳақиқатга айлантирмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг амалдаги раҳбари Антониу Гутерриш 2017 йил 1 январдан буён Бош котиб лавозимида ишлаб келади. У ўз вазифасига киришган биринчи йилдаёқ Ўзбекистонга келган. Давлатимиз раҳбари Гутерриш билан Самарқанд шаҳрида музокара ўтказиши, шунингдек олий мартабали меҳмоннинг Қорақалпоғистонга сафари келгуси муносабатларга ижобий таъсир кўрсатди. Боиси у ўшанда Орол фожиаси оқибатига шахсан гувоҳ бўлган эди. Бундай ёндашув тузилманинг мазкур экологик фалокат асоратларини юмшатишга қаратилган саъй-ҳаракатларида аксини топди.Орадан кўп ўтмай, Шавкат Мирзиёев ва Антониу Гутерриш Бош ассамблея 72-сессияси доирасида бевосита мулоқот қилди.
Энг муҳим, ушбу анжуманда Ўзбекистон номидан билдирилган таклифлар кўп ўтмай ҳаётга кўчди. БМТ бош котиби билан навбатдаги учрашув 2019 йил Пекинда бўлиб ўтди. Томонлар “Бир макон, бир йўл” халқаро форуми доирасида олиб борилган музокарада Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги саъй-ҳаракатлари ва ташкилот билан ҳамкорликнинг кенг қамровли масалалари кўриб чиқилган.
COVID-19 пандемияси бутун дунё бўйлаб ҳаракат эркинлигини чеклади. Шу боис Бош ассамблеянинг навбатдаги бир неча сессияси виртуал шаклда ташкил қилинди. Мамлакатимиз етакчиси, ниҳоят, 2023 йили жараёнда яна шахсан иштирок этди. Нью-Йоркда жаҳон ташкилоти раҳбари билан, жумладан, Марказий Осиёдаги вазият ҳамда Афғонистон масаласини атрофлича муҳокама қилди.
Антониу Гутерриш 2024 йил 30 июнь куни иккинчи бор юртимизга келди. Бош котиб Янги Ўзбекистон боғи, Ҳазрати Имом мажмуаси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази билан танишди. Президент Шавкат Мирзиёев юқори мартабали меҳмонни Кўксарой қароргоҳида қабул қилди. Ўзбекистондаги ислоҳотлар бутун минтақа ҳаётига ижобий таъсир қилаётгани алоҳида таъкидланди. Мулоқотдан сўнг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришга олий даражали “Дўстлик” орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Давлат арбобининг БМТ ҳамда мамлакатимиз ўртасидаги муносабатни яхшилашга қўшган ҳиссаси шу тариқа эътироф этилди.
Жорий йил 5 августда Туркманистоннинг “Аваза” миллий туризм ҳудудида бўлиб ўтган БМТнинг денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича III Конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.Ўзбекистон етакчиси Бош котибнинг халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий институтларини замонавий воқеликка мослаштириш мақсадида ислоҳ қилиш борасидаги ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, Антониу Гутерришнинг ўтган йил июль ойидаги мамлакатимизга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда 160 та қўшма дастур ва лойиҳа муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизнинг БМТ билан самарали ҳамкорлиги, Ўзбекистоннинг бугунги кундаги энг долзарб глобал муаммолар ечимига қаратилган муҳим ташаббуслари халқаро, хусусан жаҳон ташкилоти миқёсида ҳақли равишда эътироф этилмоқда ва қўллаб-қувватланмоқда.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА