Ўзбекистон овози ШҲТ минбаридан бутун дунёга янгради

Муносабат
Шу кунларда дунёнинг нигоҳи Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси ҳамда “ШҲТ плюс” саммитида бўлди десак муболаға бўлмайди.
Халқаро экспертлар бу нуфузли тадбирда билдирилган ташаббусларнинг аҳамиятини эътироф этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саммитда илгари сурган ташаббуслари нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақа ва жаҳон учун катта аҳамият касб этаётгани таъкидланмоқда.
– Тяньцзинь шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди, – дейди Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь. – Бу Хитойнинг мазкур ташкилотдаги раислиги доирасидаги энг муҳим тадбирдир. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам нутқ сўзлади. Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш бўйича қатор янги муҳим ташаббусларни илгари сурди. Ушбу ташаббуслар ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги даражага кўтаришда муҳим аҳамиятга эга. Ишонаманки, уларнинг амалга оширилиши ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, халқларимизга фақат фойда келтиради. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой етакчиларининг саъй-ҳаракатлари натижасида икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва ХХР Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги навбатдаги учрашув ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлди. Унда ўзаро муносабатларни ривожлантириш бўйича янги келишувларга эришилди. Ўйлайманки, темир йўллар қурилиши, рақамлаштириш, яшил иқтисодиёт каби қатор соҳаларда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун имкониятлар катта. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа натижасида логистика енгиллашади ва янги инвестициялар кириб келади.
Саммит Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал масалалардаги фаол позициясини яна бир бор намоён этди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари халқаро майдонда кенг қўллаб-қувватланаётгани мамлакатимиз нуфузининг ортиб бораётганидан далолатдир.
И.АВВАЛБОЕВ, ЎзА