Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “БРИКС плюс” форматидаги саммитда сўзлаган нутқи
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Россия Федерацияси Президенти ҳурматли Владимир Владимирович Путин Жанобларига анъанавий самимий қабул ва Шарқ ва Ғарб маданиятлари уйғунлашган ва минг йиллик тарихга эга бўлган қадимий Қозон шаҳрида тадбиримизни юксак даражада ташкил этгани учун билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Ҳурматли ҳамкасбларимнинг нутқлари глобал ривожланишнинг долзарб масалаларида кенг мулоқот ва очиқ муҳокамалар учун “БРИКС плюс” форматидаги учрашувлар муҳим эканини тасдиқламоқда.
Афсуски, бугунги кунда дунё жадал бўлиниб бормоқда. Инсонларга улкан азоб-уқубатлар, оғир изтироб ва ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишлар келтираётган уруш ва можаролар сони ортмоқда.
Жаҳон иқтисодиёти ва савдосининг парчаланиб бораётгани тенгсизлик, технологик узилишлар ва протекционизмни кучайтирмоқда. Мамлакатлар ўртасида янги тўсиқлар вужудга келмоқда.
Бундай шароитда тенг ҳуқуқлилик, блоклардан холилик, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш, суверенитетга ҳурмат ва ўзининг мустақил тараққиёт йўлига эга бўлиш ҳуқуқи каби тамойилларга асосланиб ҳаракат қилаётган БРИКС ўзини кўп томонлама ҳамкорлик ва шерикликнинг нуфузли ва ривожланиб бораётган тузилмаси сифатида намоён этмоқда.
Ўзаро алоқаларнинг бундай модели Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий ролини сақлаган ҳолда жаҳон тартиботининг бугунгидан кўра адолатлироқ янги архитектурасини шакллантириш учун мустаҳкам асос бўлиши мумкинлигига ишонамиз.
Геосиёсий рақобат, миллий эгоизм ва мафкуравий қолиплардан холи бўлган, конструктив мулоқот йўли билан глобал муросага эришиш бўйича янграган даъватларни қўллаб-қувватлайман.
Жаҳондаги бошқарув институтларини ислоҳ қилиш ҳамда “Жануб – Жануб” ва “Шимол – Жануб” форматларидаги масъулиятли мулоқотларни кенгайтиришнинг вақти келди, деб ҳисоблаймиз.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Россиянинг БРИКСга самарали раислиги даврида Ўзбекистон ушбу тузилманинг Ёшлар саммити ва Спорт ўйинларида, юридик ва парламент форумларида, хавфсизлик соҳасидаги юқори даражадаги учрашувда ва бошқа тадбирларда фаол иштирок этди.
Биз бундан буён ҳам БРИКС давлатлари билан шериклик алоқаларини фаол ривожлантириш ниятидамиз. Ушбу бирлашма доирасида очилаётган янги имкониятлардан самарали фойдаланамиз.
БРИКС мамлакатларининг глобал тенгсизлик ва иқтисодиётни инклюзив йўл билан қайта тиклаш муаммоларини ҳал этиш мақсадида ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фундаментал содиқлигига қўшиламиз.
Бу ўринда гап, энг аввало, ривожланаётган мамлакатларнинг ўткир ижтимоий ва экологик таҳдидларни ҳал этиш, камбағаллик даражасини камайтириш, технологик тавофутларни қисқартириш ва инфратузилмани модернизация қилишга қаратилган миллий тараққиёт дастурларини фаол қўллаб-қувватлаш ҳақида бормоқда. Бунда кўп томонлама молия институтлари муҳим ўрин тутиши мумкин ва шарт. Ўзбекистон устувор инвестициявий ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун БРИКСнинг янги Тараққиёт банки билан яқин ҳамкорлик ўрнатишни режалаштирган.
Биз, шунингдек, инновация, рақамли иқтисодиёт, “яшил” тараққиёт ва энергетика, тўсиқларсиз электрон тижорат каби соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз.
БРИКС сунъий интеллект бўйича Тадқиқот гуруҳининг соҳадаги эҳтимолий хавфларнинг олдини олиш ва бошқарувнинг ягона стандартларини ишлаб чиқишга оид ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаларида иштирок этишни мўлжалламоқдамиз.
БРИКСнинг БМТнинг Саноатнинг ривожланиши бўйича ташкилоти (ЮНИДО) ҳузурида ташкил этилаётган Компетенциялар марказига, шунингдек, таклиф этилаётган Инвестиция платформасига қўшилишга тайёрмиз.
БРИКСдаги шерикларимиз билан биргаликда транспорт соҳасидаги боғлиқликни кучайтириш, янги трансконтинентал йўлакларни яратиш, етказиб беришнинг ишончли логистика занжирларини шакллантириш, каботаж ташувлар тизимини ривожлантириш борасида яқиндан иш олиб бориш ниятидамиз.
Шунингдек, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини бартараф этиш, соғлиқни сақлаш масалалари ҳам бизнинг эътиборимиз марказида бўлади.
Ташкилот доирасида ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаймиз.
Барча манфаатдор мамлакатларга БРИКСнинг Ишбилармонлар кенгашига қўшилиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
БРИКС маконида халқаро терроризм билан боғлиқ хавф ва таҳдидларга қарши курашиш масалалари, ҳеч шубҳасиз, шериклигимизнинг устувор йўналиши бўлиб қолади.
Радикаллашув ва экстремистик ғояларнинг, аввало, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Яқин Шарқдаги тобора кескинлашиб бораётган можаро бизни ҳам ташвишга солмоқда. Бу минтақа қўшни мамлакатлар ва йирик давлатларнинг бу можарога тортилиши билан глобал инқирознинг йирик ўчоғига айланиб бормоқда.
Биз Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани қалбимиздаги оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз. Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди.
Бугунги кунда ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардир. Исроил-Фаластин муаммосининг ягона ечими – “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўлиб қолмоқда, деб ҳисоблаймиз.
Глобал ва минтақавий хавфсизлик ҳақида гапирганда, Афғонистон муаммосини четлаб ўтиш мумкин эмас. Бизнинг умумий вазифамиз – ушбу мамлакатни яккалаш эмас, балки Афғонистон халқига ва унинг амалдаги ҳокимиятига ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тинч қурилиш ва тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатишдир.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Ўзбекистон барқарор тараққиётнинг умумий мақсадларига эришиш учун БРИКС мамлакатлари билан яқин ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр.
Эътиборингиз учун раҳмат.