Таълим – соҳалар ичида энг долзарби, мактаб – энг муҳими бўлса, ўқитувчилик касблар орасида энг улуғидир
Президент Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтига ташриф буюриб, янгиланган шароитлар билан танишди, Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан давлат мукофотларини топширди ҳамда соҳа вакиллари билан таълимда амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги устувор вазифалар юзасидан мулоқот ўтказди.
Ҳар бир ривожланган мамлакат каби Ўзбекистон ҳам ўз тараққиётини таълимга асосланиб қурмоқда. Бу соҳада чуқур ислоҳотлар, катта-катта дастурлар амалга оширилмоқда. Бунда энг муҳим бўғин, ёшлар сиёсатининг пойдевори – бошланғич ва умумий таълимдир.
Юртимизда 37 мингдан зиёд болалар боғчаси, 10 мингдан ортиқ мактаб бор. Жойларда яна янгилари қурилмоқда. Лекин бу мақсаднинг бир қисми. Энг асосий масала – таълим сифати.
Шу боис педагог ва мутахассислар малакаси доимий ошириб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 июнда қабул қилинган мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришга доир қарори бу тизимни янги босқичга кўтарди.
Жумладан, шу соҳадаги институт Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтига айлантирилди. Мавжуд мажмуа капитал таъмирланиб, иккита қўшимча бино қурилди, барчаси замонавий жиҳозланди. Тингловчилар ўрни ҳам, йўналишлар ҳам кўпайди. Энг муҳими, малака тизими мазмунан бойиди.
Институт бундан 90 йил олдин, 1934 йилда очилган. Шунга бағишлаб, бу ерда музей ташкил этилган. Унда жадид боболаримизнинг илмга эътибори, Абдулла Авлоний асос солган маориф тизими, ўша даврдаги дарсликлар ва саҳна асарлари, умумий таълимнинг ривожланиш босқичлари акс этган. Сунъий интеллект ёрдамида маърифатпарвар жадидлар қиёфаси гавдалантирилган. Шу ерда қарийб 88 минг китоб фондига эга кутубхона ҳам бор. Давлатимиз раҳбари ушбу музей ва кутубхонани кўздан кечирди.
Муассасада малака ошириш ва қайта тайёрлашнинг анъанавий, муқобил ҳамда дуал шакллари, шу жумладан, сунъий интеллект технологиялари асосида ўқитиш жорий этилган. Ситуацион ўқув хонаси Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги педагогик маҳорат марказлари билан видеоалоқа орқали уланган. Узлуксиз касбий таълим, менежерлик ўқув курслари, педагогларни аттестациядан ўтказиш ва малака тоифасини бериш, мактабгача ва мактаб таълимини бошқариш каби дастурий платформалар жорий этилган. Бу ҳудудлардаги директор ва ўқитувчиларни янги педагогик технология ва услубларга тезкор ўқитиш имконини беради.
Бугунги кунда мактаб директори нафақат тажрибали педагог, балки яхши бошқарувчи, маълум маънода стратег ҳам бўлиши керак. Институт ўқув дастурида бунга катта эътибор қаратилиб, директорлар мактаби ташкил этилган.
Инклюзив таълим ва психолог хоналарида шу йўналишда ишлайдиган дефектолог ва тарбиячилар малакаси оширилади. Медиа студияда видеодарслар тасвирга олинади. Шунингдек, институтда конференция зали, компьютер ва семинар хоналари, ошхона ва шароитлар бор.
Маълумки, бугун мамлакатимизда аниқ ва табиий фанларга алоҳида аҳамият қаратилиб, мактаблар замонавий жиҳоз ва ўқув қўлланмалари билан таъминланмоқда. Бу ўқитувчилардан шунга мослашишни, янги билим ва кўникмаларни ўзлаштиришни талаб қилади. “STEM” лабораторияси педагогларни шу борада қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга хизмат қилади.
Замонавий таълим талабидан келиб чиқиб, институтда ўқиш соатлари кўпайтирилди. Ўқитувчиларга муносиб шароит яратиш мақсадида ётоқхона замонавий таъмирланиб, ўринлар сони оширилди.
Президентимиз ушбу хоналарда бўлиб, янги қулайлик ва имкониятлар билан танишди.
– Бу институт кутиб ўтирувчи эмас, тарғиботчи, етакчи бўлиши керак. Ҳудудлардаги ўқитувчи ва директорларни кўпроқ таклиф этиб, барча мактабларда сифатни ошириш зарур. Янги замон кишиси, келажагимиз бунёдкорлари мактабда тарбияланади. Таълимсиз келажак йўқ, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бу ерда дарс берадиган ўқитувчи ва мураббийларни хорижда ўқитиш, дунёдаги илғор тажрибаларни уйғунлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида институтда 4 минг 300 нафарга яқин таълим муассасалари раҳбарлари малака оширди. Шунингдек, 2 минг нафарга яқин директор ва директорликка номзодлар менежерлик курсларида ўқитилди. “Узлуксиз касбий таълим” платформаси орқали дарсларда 113 минг нафардан ортиқ педагоглар қатнашди.
Сингапур халқаро таълим ташкилоти томонидан 100 нафар мактаб директори, 200 нафар математика ва табиий фанлар ўқитувчиси қайта тайёрланди. Институт тузилмасида Халқаро тадқиқотлар маркази ҳам иш бошлади.
Умуман, мамлакатимизда мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ҳамда мутахассис кадрларини қайта тайёрлаш, малакасини оширишнинг узлуксиз тизими йўлга қўйилади. 2025 йилдан бошлаб улар беш йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда малака оширади. Бундан ташқари, умумий ўрта таълим муассасаларида “Касбий ривожланиш соати” ҳамда “Касбий ривожланиш куни” жорий этилади. Президент мактабларида тўпланган илғор тажрибалар узлуксиз касбий ривожлантириш тизими орқали умумий ўрта таълим муассасаларига кенг татбиқ қилинади.
Шундан сўнг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг бошида барча таълим-тарбия ходимларини байрам билан самимий табриклаб, халқимизнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромини етказди.
– Биз устозни отадек улуғ деб билган, уни ҳамиша бошига кўтариб эъзозлаган буюк, маърифатпарвар халқнинг вакилларимиз. Тарихимиздаги қайси машҳур аждодимизни олмайлик, уларнинг барчаси устозларга юксак эҳтиром билан қараганларига гувоҳ бўламиз. Устозини, муаллимини эъзозлаган жамият, албатта, равнақ топади, гуллаб-яшнайди. Ўқитувчисининг қадр-қиммати баланд бўлган халқнинг обрў-эътибори юксак бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
Ҳаётда ҳар бир эзгулик, ҳар бир кашфиёт ва ютуқнинг замирида ўқитувчининг меҳнати, бардоши ва меҳр-муҳаббати мужассам экани таъкидланди.
– Таълим – соҳалар ичида энг долзарби, мактаб – энг муҳими бўлса, ўқитувчилик касблар орасида энг улуғидир. Шахсан мен ўқитувчи деганда, ўзим учун азиз ва қадрли бўлган зотларни, юз-кўзидан нур ёғилиб турадиган мўътабар инсонларни тасаввур қиламан. Улар замонамизнинг энг илғор кишилари, жонкуяр, ватанпарвар, халқпарвар инсонлардир. Шу сабабли халқимиз ўзининг энг катта бойлигини – фарзандлари тарбиясини ўқитувчиларга ишониб топширади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Устозларнинг донишмандлиги, ҳаёт маъносини чуқур англаб, одамларни яхшиликка ва муваффақиятларга руҳлантириши қайд этилди.
– Инсоннинг онги, дунёқараши ўзгармаса, жамият ўзгармайди. Жамият ўзгармаса, тараққиёт ҳам бўлмайди. Одамларнинг тафаккурини, шу асосда бутун жамиятни ким ўзгартира олади? Янги берунийларни, хоразмий ва фарғонийларни ким камолга етказади? Бундай улуғвор вазифани, том маънодаги тарихий миссияни адо этишга фақат сиз – устоз ва мураббийлар қодирсиз, – деди Президент.
Бугун юртимиз ўғил-қизлари халқаро фан олимпиадаларида, спорт майдонларида улкан марраларни қўлга киритаётгани ёдга олинди. Бу ғалабалар аввало устоз-мураббийларнинг фидокорона меҳнати самараси экани эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27 сентябрдаги фармонига мувофиқ, таълим-тарбия тизимига қўшган муносиб ҳиссаси, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишдаги ибратли фаолияти ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.
Маросимда ана шу мукофотлар тантанали равишда топширилди.
– Ўз меҳнати билан қадр топиш, эл-юрт ардоғида бўлиш чинакам бахт. Бу, айниқса, ўқитувчи ва мураббийларга ярашади. Қадрингиз ҳам, қаддингиз ҳам доимо баланд бўлсин, азиз устозлар, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мукофотланганлар номидан сўзга чиққанлар таълим соҳаси ва муаллимларга эътибори, камтарона хизматларини юксак баҳолагани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқот қилди.
Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда улкан мақсадлар белгиланган. Уларни амалга ошириш ва тараққиётни давом эттириш ёш авлоднинг билим ва тафаккурига, тарбиясига, ватанпарварлигига боғлиқ.
Бунинг учун ўқитувчилар ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий томондан ҳимоя қилинган ва етарли таъминланган бўлиши керак. Шу боис янгиланган Конституциямизда ўқитувчи мақоми алоҳида мустаҳкамлаб қўйилди. Бу йил “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Давлатимиз бойлиги, биринчи навбатда, ёш авлод тарбиясига сарфланмоқда. Сўнгги 7 йилда таълимни ривожлантиришга жами 216 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Моддий-техник базани мустаҳкамлаш учун бюджетдан 19,5 триллион сўм сарфланиб, 6 мингта давлат мактаби ва 3,5 мингта боғча реконструкция қилинди ҳамда янгидан қурилди. Мактабларда 800 мингта, боғчаларда 535 мингта қўшимча ўрин яратилди.
Хусусий таълимга кенг имкониятлар яратилаётгани туфайли хусусий мактаблар сони 27 тадан 500 тага етди, нодавлат боғчалар 250 тадан 30 мингтага кўпайди.
Ўқитувчиларга маҳорати ва эришган ютуқларига қараб тўланадиган устамалар сони 3 тадан 17 тага оширилди. Ўз устида астойдил ишлаган, хорижий сертификат олган 6 минг ўқитувчи 10 миллион сўмдан зиёд маош олмоқда.
14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Уларнинг дастурлари асосида табиий ва аниқ фанлар бўйича замонавий дарсликлар яратилмоқда. Президент мактабларидаги баҳолаш тизими ҳозир 500 та умумтаълим мактабида қўлланмоқда. Баҳолашни самарали йўлга қўйган 66 та мактаб жамоасига 40 фоизгача устама тўланмоқда.
Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни селекция йўли билан танлаб олиш бўйича илгари бўлмаган янги тизим йўлга қўйилди. Натижада бу йилнинг ўзида халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларимиз 122 та медални қўлга киритди.
Мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси сўнгги 7 йилда 4 карра ошди. Бу йил 310 минг нафар ёшлар талаба бўлди. Уларнинг қарийб ярми қизлардир.
Мулоқотда давлатимиз раҳбари таълим сифати масаласига алоҳида тўхталди.
Давлат таълим муассасаларида 46 минг нафар, хусусий ташкилотларда эса 38 минг нафар педагог 5 йил давомида малака оширмагани қайд этилди. Бу йил сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ёрдамида ўтказилган аттестация жараёнларида 21 минг нафар педагог малака бўйича етарли балл тўплай олмаган. Афсуски, бундай ҳолатлар ўқувчиларнинг билимига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу боис таълим сифатини янги босқичга кўтариш бўйича 7 та йўналишда вазифалар белгиланди.
Биринчи йўналиш. Абдулла Авлоний номидаги институт педагогларда касб маҳоратини оширишга масъул бўлади. Институтнинг 12 та ҳудудий марказини замонавий қиёфага келтириш ва жиҳозлаш учун яқин 3 йилда бюджетдан ҳар йили 50 миллиард сўм ажратилади. Малака оширишда вазирлик – малака ошириш маркази – мактаб ва боғчани боғлайдиган вертикал тизим йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, жойларда 1 минг 300 та таянч мактаб ва 200 та боғча танлаб олиниб, ёш педагоглар учун “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” ташкил этилади. Бунинг учун етакчи ўқитувчиларнинг иш ҳақига 20 фоиз устама қўшилади.
Иккинчи йўналиш. Муаллимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш давом эттирилади. Келгуси ўқув йилидан халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилади. Синовларда 86 ва ундан юқори балл олган педагоглар қўшимча 70 фоиз устама олади.
Давлатимиз раҳбари “Йил ўқитувчиси” танлови ўтказилиб, 208 та туман ва шаҳардан ғолиб бўлган ўқитувчиларга совға сифатида уй-жой берилишини эълон қилди.
Шунингдек, ҳар йили санаторий ва дам олиш масканларига юбориладиган ўқитувчилар сони 2 баробар оширилади.
Бир йил олдин мактаб директорларини ўқитиш тизими жорий этилган эди. Бугунги кунда улардан 1 минг 206 нафари менежерлик сертификатига эга бўлди. Ҳозир ана шу директорларга ўртача 3 миллион сўм устама берилмоқда.
Энди бу амалиёт 2025 йил 1 сентябрдан боғча мудираларига ҳам татбиқ этилади ва уларга ҳар ойда 30 фоизгача қўшимча устама тўланади.
Билимдон ва жонкуяр ўқитувчилар халқнинг ноёб бойлиги экани таъкидланиб, улар ҳақида “Устозга эҳтиром” номли китоб ва фильмлар яратиш зарурлиги айтилди.
Учинчи йўналиш. Аҳоли ўсиши туфайли йилига мактабларда 120 мингта, боғчаларда 30 мингта қўшимча ўринга талаб юзага келмоқда.
Келгуси йили бюджетдан ажратиладиган 3 триллион 200 миллиард сўм ҳисобидан 375 та мактаб ва 97 та боғча реконструкция қилинади ва янгилари қурилади.
Бундан ташқари, Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК жамғармасининг 50 миллион доллар маблағи доирасида келгуси 4 йилда 200 та хусусий боғча қурилиб, янги 30 мингта ўрин яратилади.
Янги йилдан бошлаб, хусусий секторда ўқувчи ўринларини кўпайтириш учун мактаб очадиган тадбиркорларга 20 миллиард сўмгача кредит ажратилади. Кредит фоизининг асосий ставкадан 1,5 баробар ошган қисми бюджетдан қопланади.
Шунингдек, янги қуриладиган хусусий мактаб бинолари учун коммунал харажатларнинг 50 фоизи 5 йил муддатгача бюджетдан тўлаб берилади.
Шу билан бирга, тадбиркорлар ўз ҳисобидан мактаб қурса, унга кетган харажатлар фойда солиғидан икки йил давомида тенг улушларда чегириб ташланади.
Тўртинчи йўналиш. Таълимда сифат ва рақобатни таъминлаш учун рақамлаштириш даражаси оширилади.
Ўтган 5 йилда 13 минг 500 дан ортиқ компьютер синф хоналари 200 мингта замонавий компьютер билан таъминланди. Келгуси йил яна 2 мингдан зиёд компьютер синфлари янгиланади, бунга бюджетдан 400 миллиард сўм берилади.
Ана шу компьютерларга электрон таълим контентлари юкланиб, болалар учун мустақил таълим олиш имконияти ошади. Ўқувчилар мурракаб концепцияларни осон ўзлаштириши учун аниқ ва табиий фанлар бўйича виртуал лабораториялар ташкил этилади. Янги ўқув йилидан бошлаб бундай лабораториялар ҳар бир вилоятда 10 тадан мактабда қилинади.
Шунингдек, мактаб тизимида ўқитувчи ўз имконияти ва ютуқларини, янги ишланмаларини эълон қилиши учун ягона онлайн платформа яратилади.
Сингапурлик 16 нафар эксперт математика ва табиий фанлар ўқитувчиларининг касб маҳоратини оширади. Педагоглар сунъий интеллектга асосланган таълим платформасида билимларини бир йил давомида мунтазам синовдан ўтказади.
Хусусий боғчалардагидек, 6 минг 800 та давлат боғчаларида ҳам давомат, тўловлар, озиқ-овқат харажатларини шакллантириш тўлиқ рақамлаштирилади.
Бешинчи йўналиш. Президент мактаблари ва ихтисослашган мактаблар тажрибаси оммалаштирилади.
Бу йўналишда яна 1 мингта умумтаълим муассасасида Президент мактаблари ва ихтисослашган мактаблардаги баҳолаш тизимини жорий этиш бошланди. Ҳокимликларга уларни таъмирлаш ва зарур даражада жиҳозлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, олий таълим ва малака ошириш тизимида ягона узвий занжирни йўлга қўйиш учун педагогик таълим кластерлари ташкил қилинади. Бу тажриба-синов тариқасида дастлаб Андижон ва Бухоро шаҳарларида барпо этилади.
Олтинчи йўналиш. Иқтидорли ёшларни селекция қилиш тизими янги босқичга олиб чиқилади. Бунинг учун халқаро даражада фан олимпиадаларига тайёрлаш маркази ташкил этилади.
Рағбатлантириладиган халқаро фан олимпиадалари сони 18 тадан 22 тага етказилади. Бунда нуфузли халқаро олимпиадада олтин медаль олган ўқувчига 170 миллион сўм, кумуш медалга 102 миллион сўм, бронза медаль учун 68 миллион сўм мукофот пули берилади.
Шу билан бирга, ана шу ўқувчиларнинг ўқитувчилари 50 миллиондан 150 миллион сўмгача мукофотланиб, уларга бир йилда 100 фоизлик устама олиш имкони яратилади. Илк бор халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар жамоаси раҳбарларини ҳам рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.
Президент педагогика йўналишида таҳсил олаётган иқтидорли талабалар учун Абдулла Авлоний номидаги стипендияни ташкил этиш ташаббусини билдирди.
Еттинчи йўналишда таълимнинг ажралмас қисми бўлган тарбия ва одоб-ахлоқ масалаларига эътибор қаратилди. Шу мақсадда Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти янгидан ташкил этилди.
Ёшларда ғоявий иммунитетни шакллантириш, ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар учун тарбияга оид рақамли контентлар яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, бу борада театр ва кино санъатидан фойдаланиш, ёшлар ижодини қўллаб-қувватлаш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, китобхонликни янада кенгайтириш вазифалари кўрсатиб ўтилди.
Учрашув очиқ мулоқот тарзида давом этди. Бу ерга йиғилган ва ҳудудлар орқали боғланган педагоглар фикр ва таклифларини айтди. Президентимиз уларни қўллаб-қувватлаб, таклифларини амалга ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари