Бугунги кунда инфратузилма, энергетика, транспорт, сув таъминоти ва барқарор ривожланиш йўналишида ОИИБ билан 15 та лойиҳа амалга оширилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг тўққизинчи йиллик йиғилишида нутқ сўзлади.
Бугунги кунда Марказий Осиё аҳолиси 80 миллиондан ошди. Минтақанинг ялпи ички маҳсулоти келгуси беш йилда 700 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, минтақамизда йирик инфратузилма лойиҳаларига талаб кун сайин ортиб бормоқда. Ҳозирда амалга ошириш бошланган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш ана шундай йирик минтақавий инфратузилма лойиҳасига яққол мисолдир.
Бундан ташқари, Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурслари тақчиллиги муаммолари айниқса ўткир тус олмоқда.
– Ўзбекистон бу борада ўз стратегиясини ишлаб чиқиб, келгуси беш йилда сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш орқали 15 миллиард куб метр сувни тежаш бўйича катта лойиҳаларни бошлаган. Лекин сув муаммосини ҳал қилиш бутун минтақа давлатлари ва халқаро молия ташкилотларининг биргаликда ишлашини талаб қилади. Шу боис, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда сув тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурмоқчиман. Ўйлайманки, қўшниларимиз ҳам бу ташаббусимизни қўллаб-қувватлайди, – деди Президент.
Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг ҳиссасини юқори баҳолайди.
Бугунги кунда инфратузилма, энергетика, транспорт, сув таъминоти ва барқарор ривожланиш йўналишида Банк билан 3 миллиард долларлик 15 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
– Мамнуният билан айтишим керакки, буларнинг ҳисобидан Ўзбекистон банкнинг топ-10 та ҳамкоридан бирига айланди. Мисол учун, Банк билан ҳамкорликда Бухоро вилоятидаги ичимлик суви тармоқларини яхшилаш бўйича 720 миллион долларлик лойиҳа қарийб 1,5 миллион аҳолини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлайди. Ёки “Бухоро – Хива” темир йўлини электрлаштириш лойиҳасини ишга тушириш натижасида Хива шаҳрига йилига қўшимча 1 миллион турист жалб қилиш имконияти яратилади. Таъкидлаш керакки, шу кунларда Банк билан келгуси уч йилда яна 4 миллиард долларлик лойиҳалар дастурини амалга оширишга келишиб олдик, – деди Президент.