Ўзбекистон Президенти Туркия билан маданий-гуманитар алоқалар жадал ривожланаётганини мамнуният билан таъкидлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 август куни Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув бошида юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон етакчисига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, маданий-гуманитар ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатлараро ҳамкорликнинг бугунги юксак даражаси алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва инвестициялар, юк ташиш ҳажми, ишбилармонлик ва сайёҳлик сафарлари сони ортмоқда. Ҳар ҳафта 90 дан ортиқ авиақатнов амалга оширилмоқда.
Жадал маданий-гуманитар алмашинувни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тегишли "йўл харитаси"ни тезроқ қабул қилиш, амалий ҳамкорликнинг институционал механизмларини ишга тушириш, миллий маданият ва кино кунларини ўтказиш, санъат, маданий меросни муҳофаза қилиш, туризм салоҳиятини юзага чиқариш ва бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.