Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Шарқ тароналари” ўн учинчи халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимидаги нутқи
Ассалому алайкум, муҳтарам меҳмонлар!
Қадрли ватандошлар!
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Бугунги шукуҳли оқшомда сизлар билан серқуёш Ўзбекистонда, Ватанимизнинг бебаҳо гавҳари бўлмиш азим Самарқанд шаҳрида кўришиб турганимдан бахтиёрман.
Авваламбор, ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига ташриф буюрган сиз, муҳтарам санъат намояндаларига, нуфузли фахрий меҳмонларимизга, хорижий давлатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларига, оммавий ахборот воситалари ходимларига чуқур миннатдорчилик изҳор этаман.
Барчангизга самимий ҳурмат-эҳтиромимни билдириб, бутун Ўзбекистон халқининг саломи ва эзгу тилакларини етказишга ижозат бергайсиз.
Муҳтарам фестиваль иштирокчилари!
Пандемия туфайли юзага келган беш йиллик танаффусдан сўнг ўтаётган “Шарқ тароналари” фестивалини санъаткорлар ҳам, мухлислар ҳам бирдек соғинган, десам, ҳақиқатни айтган бўламан. Шу боис, бугунги санъат байрами барчамизни янгича руҳ ва шукуҳ билан ўзига чорламоқда.
Мамлакатимизда ўн учинчи бор ўтказилаётган ушбу анжуман гарчи “Шарқ тароналари” деб аталса-да, бугунги кунда у моҳият эътиборига кўра, “Жаҳон тароналари” фестивалига айланганига барчамиз гувоҳмиз.
Бу ҳақиқатни биринчи фестивалда 31 та мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йил барча қитъалардаги 80 га яқин давлатдан 400 нафардан зиёд санъаткор ва олимлар иштирок этаётгани ҳам тасдиқлайди.
Ўтган давр мобайнида Самарқанднинг юлдузли осмони остида қанчадан-қанча сеҳрли наволар, ҳаётбахш оҳанглар янгради. Кўҳна Шарқ бағрида туғилган мусиқий қадриятлар анжуманимиз туфайли халқаро миқёсда кенг эътибор ва эътироф қозонди. Фестиваль ўнлаб маҳоратли хонанда ва созандаларни, истеъдодли ёшларни кашф этди, уларнинг парвозига қанот, ижодига куч ва илҳом бағишлади.
Қадрли дўстлар!
Дунёдаги жамики халқлар қатори ўзбек эли ҳам тинчлик ва осойишталикни юксак қадрлайдиган, оқкўнгил ва бағрикенг халқдир. Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг туб моҳиятини ҳам турли давлатлар билан тинчлик ва ҳамкорлик, дўстона муносабатларни ривожлантириш тамойили ташкил этади.
Шу маънода, юртимизда “Шарқ тароналари” анжумани билан бирга, халқаро мақом санъати, бахшичилик санъати, ҳунармандчилик фестиваллари, фольклор ва рақс санъати бўйича “Буюк ипак йўли”, “Лазги” халқаро фестиваллари, Тошкент халқаро кинофестивали сингари йирик маданий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Улар, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистоннинг жаҳон аҳлини тинчлик-тотувликка, қардошлик ва аҳилликка чақирадиган эзгу даъватидир.
Бундай чорлов ҳозирги вақтда ғоят муҳим аҳамиятга эга. Чунки бугун кўз ўнгимизда дунёнинг бутунлай янги, беқарор, хавотирли геосиёсий ва геоиқтисодий архитектураси шаклланмоқда. Турли мамлакатлар ўртасида низо ва адоватлар, қарама-қаршилик, ишончсизлик муҳити кучаймоқда. Жамиятлар ичида маънавий таназзул илдиз отмоқда. Нотинч ва таҳликали замонда азалий қадриятларни, одамийлик қиёфасини сақлаб қолиш тобора мушкул бўлиб бормоқда.
Мана шундай мураккаб вазиятда илоҳий сарчашмалардан қувват олиб, вақт ва макон чегаралари оша гуманистик идеалларни тараннум этадиган асл санъат, мусиқа ва адабиёт халоскор куч бўлиб майдонга чиқиши зарур.
Бугун биз танлаган йўл келажагимиз ва тақдиримизни белгилайди. Бу кўҳна дунё тинчлик ва дўстлик билан яшнайди, яшаради. Инсонлар, халқлар ва давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни эса, биринчи навбатда, сизлар каби эзгу ниятли ижодкорлар, сизларнинг ҳамфикр ва бирдамлигингиз, адабий-маданий ҳамкорлик мустаҳкамлайди.
Азиз дўстлар!
Мана шу муҳташам майдонда мағрур ҳилпираб турган байроқларга қаранг! Қайси мамлакат, қайси халқ тимсолларини кўрмайсиз бу ерда! Улар ифода этадиган ранглар жилоси ва гармонияси, фестивалда янграйдиган куй ва қўшиқлар барчамизнинг кўнглимиздаги олижаноб орзу-интилишлар билан уйғун ва ҳамоҳангдир. Шу ҳолатнинг ўзи ҳам инсониятнинг асли ва насли бир эканидан далолат бермайдими?
Мана шундай эзгу ва улуғ мақсадларни ўз ҳаётининг мазмуни деб билган сиз, азизларни – етти иқлимдан келган тинчлик ва дўстлик элчиларини бугун меҳмондўст ва маърифатли Самарқанд аҳли, бутун Ўзбекистон халқи бағрини очиб қарши олмоқда.
Бизнинг халқимиз азал-азалдан санъатга меҳр ва ихлос қўйиб яшайди, мусиқани инсон руҳининг илоҳий қуввати деб билади. Буюк Шарқ мутафаккирлари мусиқа илми ва тарихи, мақом санъати, чолғу созлари ҳақида ажойиб асарлар яратганлар. Биз барчамиз мана шундай ўлмас маданий мероснинг ворисларимиз. Бинобарин, бу улкан меросни биргаликда ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, уни келгуси авлодларга безавол етказиш олдимизда турган энг муҳим вазифадир.
Шу маънода, бетакрор Самарқанд заминида дунёнинг таниқли илм-фан ва маданият арбоблари иштирокида мамлакатимизнинг маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича куни кеча ўтказилган навбатдаги халқаро илмий конгресс муҳим амалий қадам бўлди.
Ушбу анжуманда мамлакатимиз маданий-гуманитар ҳаётида ўзига хос мегалойиҳа бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини такомиллаштириш бўйича янги ғоя ва ташаббуслар, қимматли таклиф ва тавсиялар билдирилгани бизни албатта мамнун этади.
Айниқса, муқаддас мусулмон динининг гуманистик моҳиятини очиб бериш, ислом аввало эзгулик, тинчлик, илм-маърифат ва маданият таълимоти эканини яна бир бор таъкидлаш, исломофобия кўринишларига барҳам беришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ниҳоятда долзарбдир.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган, Ўзбекистоннинг чинакам дўстлари бўлган ушбу конгресснинг ҳурматли аъзоларига жонажон Ватанимиз, халқимизга кўрсатаётган юксак ҳурмат ва эътиборлари учун чин қалбдан миннатдорлик билдирамиз.
Қадрли дўстлар!
Бугунги кунда “Шарқ тароналари” фестивалининг тарихи ва анъаналарини, Шарқнинг бой ва ранг-баранг мусиқий маданиятига доир маълумотларни ўзида мужассам этадиган алоҳида энциклопедия ва унинг виртуал шакли – кўп тармоқли ахборот платформасини яратишнинг вақти келди, деб ҳисоблайман.
Мен ушбу қомусни тайёрлашда, жаҳоннинг турли музей ва кутубхоналари, архив ва фондларида тарқоқ ҳолда сақланаётган қимматли маълумотларни тўплаш, уларнинг ягона базасини яратиш ва келажак авлодларга етказишдек эзгу ва хайрли ишда барчангиз фаол иштирок этасиз, деб ишонаман.
Шу билан бирга, юртимизда шаклланган ижобий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, ушбу анжуманимизнинг кўлами ва жозибасини янада ошириш мақсадида “Шарқ тароналари” фестивалининг халқаро Дўстлар клубини ташкил этишни таклиф қиламан.
Маълумки, ҳар бир фестиваль давомида янги-янги мусиқий асарлар яратилади, мухлислар қалбидан жой оладиган дилбар куй-қўшиқлар ижро этилади. Афсуски, мана шундай ноёб тароналар кўпинча фақат бир анжуман доирасида янграйди, халқаро миқёсда кенг тарғиб қилинмайди. Шу боис, фестивалимизнинг барча ғолиб ва совриндорлари иштирокида дунё мамлакатларининг нуфузли саҳналарида катта-катта концерт дастурларини намойиш этиш таклифини билдирсам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлайсизлар.
Муҳтарам анжуман қатнашчилари!
“Шарқ тароналари” фестивали бетакрор Регистон майдонида, “Ер юзининг сайқали” деб ном қозонган, асрлар бўйи ўз таровати ва жаҳоншумул шуҳратини сақлаб келаётган афсонавий Самарқанд шаҳрида ўтказилиши албатта бежиз эмас.
Бундан минг йил аввал Шарқнинг машҳур шоири Абул-Фатҳ ал-Бустий “Бу дунё жаннатининг номи эрур Самарқанд”, деб ёзган эди. Бу ҳаққоний баҳо нафақат тарихий, балки замонавий Самарқанд учун ҳам бағоят мос ва муносибдир.
Ўтмишда қанчадан-қанча карвон йўллари ўтган, қандай буюк тарих ва маданият яратган, шаҳарлар сарвари Самарқанд бугун яна навқирон қиёфа касб этиб, дунё ҳамжамиятига тинчлик саломини йўллаб турибди.
Фестиваль шарофати билан хориждан келган меҳмонларимиз Самарқандни яна бир бор ўзлари учун кашф этар эканлар, не-не шоирлар, не-не ҳофизлар куйлаган бу муаззам шаҳарнинг бугунги жамоли, очиқкўнгил ва саховатли халқимизнинг эзгу фазилатлари уларни албатта ўзига мафтун этади, деб ишонамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, анжуман доирасида ўтказиладиган “Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ишига муваффақият тилайман.
Бугунги санъат байрамини юқори савияда ташкил этишга ҳисса қўшган, ўз касбининг устаси ва фидойиси бўлган барча инсонларга, меҳнаткаш ва олижаноб, меҳридарё Самарқанд аҳлига чин юракдан ташаккур билдираман.
Дилларни дилларга, элларни элларга боғлайдиган “Шарқ тароналари” олам узра ҳамиша баралла янграсин!
Фестивалнинг барча иштирокчиларига омад ва ютуқлар ёр бўлсин!