Ҳар бир шахснинг дам олиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган
Ўзбекистон Республикасида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият, «инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ», деган инсонпарвар ғоянинг жамиятда кенг қарор топдирилиши янгича инсоний ва ижтимоий муносабатларнинг юзага келишига, воқеа-ҳодисаларга янгича ёндашувларга сабаб бўлди.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик тизими барпо этилди, фуқароларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро демократик стандартларга мос келувчи ҳуқуқий асослари яратилди, жамиятимизда эркинлаштириш, ҳуқуқлар кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди.
Ўзбекистонда аҳоли бандлиги даражасини ошириш, фуқароларни иш ва тирикчилик манбаи билан таъминлаш, бахтли ҳаёт кечиришлари учун зарур шарт-шароит яратиб бериш устувор вазифага айланди. Хусусан, «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилиниши, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг тўлиқ бартараф этилиши юртимизда олиб борилаётган сиёсатнинг халқаро миқёсдаги юксак эътирофидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 38-моддасига мувофиқ, ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар. Дам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқ меҳнат муносабатлари соҳасида амалга ошади, унга тўсқинлик қилиш меҳнат ҳуқуқи нормаларини бузиш ҳисобланади.
Суд амалиёти ҳали меҳнат таътилидан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқбузишлар камаймаганлигини ва айрим нормаларни қўллашда ноаниқликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2021 йилда ўтказилган текширишлар ва ўрганишларда 52 минг 530 та меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш қонуни талаблари бузилганлиги аниқланган. Шундан меҳнат таътиллари бўйича қонун талаблари бузилганлиги 4,89 фоизни ёки 2 минг 568 тани ташкил қилган.
Юқоридаги таҳлилларга кўра, бозор талаблари ва тамойилларининг ижтимоий ҳаётимизга тобора чуқурроқ сингиб бораётгани, иқтисодиётда хусусийлаштириш ролининг ортиши, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий эркинлигини таъминлаш, шартномавийликнинг кенгайиши меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишда янги моделларни ишлаб чиқишни тақозо қилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, ушбу чоралар дам олиш вақтини ҳуқуқий тартибга солишга ҳам тўла тааллуқлидир. Шунга кўра, тараққиётимиз суръатлари керакли даражада бўлишини таъминлаш учун ўзгартириш ва янгилаш жараёнларини узлуксиз давом эттириш, олдимизда пайдо бўлаётган муаммо ва вазифаларни ўз вақтида ҳал этишимиз, Янги Ўзбекистонга ҳамда унинг тараққиётига жавоб берадиган янги қоидаларни ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш кераклиги муҳим вазифага айланганлигидан далолат бермоқда.
Дам олиш ҳуқуқи инсоннинг табиий ва ажралмас ҳуқуқи сифатида кўплаб халқаро стандартларда ўз аксини топган. Ўзбекистон шу кунга қадар Халқаро меҳнат ташкилотининг 19 та конвенцияси, хусусан, барча 8 та асос солувчи конвенцияларини ратификация қилган. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг бир қатор конвенцияларида мустаҳкамланганлигини эътиборга олган ҳолда, ҳар бир шахснинг дам олиш ҳуқуқига эга эканлиги, дам олиш ва байрам кунларининг кафолатланиши масалалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам ўз аксини топган.
Энг муҳими, инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар нарсадан улуғ эканлиги ҳақидаги ғояларимизга асосланган.
А.Усмонова,
Ўзбекистон Республикаси
Жамоат хавфсизлиги университети профессори,
юридик фанлар доктори
ЎзА