II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форуми иштирокчиларига
Ҳурматли форум иштирокчилари! Хонимлар ва жаноблар!
Сиз, азизларни Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳаси бўлган қадимий ва бетакрор Самарқанд шаҳрида II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форумининг очилиши билан чин қалбимдан самимий қутлаб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳорэтаман.
Бу йилги анжуманнинг асосий мулоқот мавзуси “Инсон манфаатларини иқтисодий ислоҳотларнинг бош мазмунига айлантириш” масаласига бағишлангани бежиз эмас.
Дунёда давом этаётган мураккаб пандемия ва глобал иқтисодий инқироз оқибатлари, турли нотинчликлар ва зиддиятлар фонида юзага келаётган озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши муаммолари инсон тақдири ҳақида жиддий бош қотиришни кун тартибига долзарб масала қилиб қўяётганини албатта ҳаммамиз кўриб турибмиз.
Бугунги форум нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий компаниялар ва таниқли экспертлар иштирокида бу борадаги илғор тажрибаларни муҳокама қилиш ҳамда биргаликда умумий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун қулай имконият бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман.
Қадрли дўстлар!
Биз халқимиз билан бамаслаҳат ишлаб чиқилган ва ҳозирги вақтда жадал амалга оширилаётган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида барча соҳаларда фаол ислоҳотларни амалга ошириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб олдик.
Хусусан, мамлакатимизда 2022-2026 йилларда инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, инсон капиталини ривожлантириш ва камбағалликни камида 2 баробарга қисқартиришни мақсад қилганмиз. Бунинг учун, биз қуйидаги устувор вазифаларни тизимли равишда амалга оширмоқдамиз.
Биринчидан, иқтисодиётда хусусий сектор ролини тубдан ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция ва соғлом рақобат муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада ҳудудларнинг шароити, ўзига хос хусусияти ва имкониятидан келиб чиққан ҳолда, бизнес учун солиқ юкини изчил камайтириб бориш ва молиявий ресурслар билан таъминлаш катта аҳамият касб этмоқда.
Иккинчидан, аҳолининг турмуш сифатини ошириш ва яшаш шароитини янада яхшилаш мақсадида ҳар бир маҳалланинг инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли дастурларни ҳаётга жорий этмоқдамиз.
Жумладан бутун республикамиз бўйича “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва “Ташаббусли бюджет” дастурлари доирасида аҳоли учун зарур бўлган ичимлик сув, электр энергияси таъминоти, ички йўллар ҳолати яхшиланиб, таълим, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий объектлар барпо этилмоқда.
Учинчидан, аҳолининг камбағал ва эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя тизими билан тўлиқ қамраб олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Бунда профессионал таълим сифатини ошириш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш орқали аҳолини, биринчи навбатда ёшларни ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш масаласи стратегиямизда муҳим ўрин тутади.
Тўртинчидан, ташқи бозорлар ва ҳамкор давлатларда юзага келган таҳликали вазият шароитида мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда инфляция суръатларини жиловлаш чоралари кўрилмоқда. Натижада, жорий йилда мамлакатимизда 5 фоиздан юқори иқтисодий ўсиш кутилмоқда.
Бешинчидан, қишлоқ хўжалигига сув ва ресурс тежовчи, “ақлли” технологияларни жорий этган ҳолда, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини яратиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доимий диққат марказимизда бўлади.
Олтинчидан, барча ҳамкор давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш, рақобатбардош маҳсулотлар билан ташқи бозорларга чиқиш, бу борада транспорт-логистика тизимларини ривожлантириш орқали ўзаро боғлиқликни таъминлаш ислоҳотларимизнинг асосий йўналишларидан биридир.
Ҳурматли форум иштирокчилари!
Албатта, Янги Ўзбекистон ўз олдига қўйган юксак марраларни амалга оширишда халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва етакчи компаниялар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Шу ўринда, бизга хайрихоҳ бўлган, биргаликдаги лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этаётган барча ҳамкорларимизга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Аминманки, тадбирда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки сингари нуфузли ташкилотлар вакиллари ва салоҳиятли инвесторлар қатнашаётгани мазкур форум ишини янада самарали бўлишига хизмат қилади.
Бугунги анжуман иштирокчилари янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро манфаатли келишувларга эришиб, шериклик алоқаларимизни янада кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшадилар, деб ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан куч-ғайрат ва омадлар, форум ишига эса катта муваффақиятлар тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти