Остона шаҳрида биринчи "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" саммити бўлиб ўтмоқда
Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Европа кенгаши Президентлари ҳамда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари иштирок этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистон мазкур форматга амалий ҳамкорликни илгари суриш, ишонч, шериклик ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун зарур бўлган муҳим мулоқот майдони сифатида қарашини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари минтақамиз ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигининг савдо-иқтисодий йўналишига тўхталиб, мамлакатларимиз «GSP+» имтиёзли савдо тизимига қўшилганидан сўнг жорий йилнинг бошидан буён юқори қўшилган қийматли ўзбек маҳсулотларининг экспорти қарийб икки баробар ошганини қайд этди.
Бироқ, умумий рақамлар мавжуд улкан имкониятларга мос эмаслиги таъкидланиб, Европа бозорларида тайёр, хомашё бўлмаган товарлар номенклатураси билан муносиб рақобат қилиш учун:
– саноат маҳсулотларининг Европанинг юқори стандартлари ва техник регламентларига мувофиқлигини таъминлаш;
– ЕИ бозорларига чиқиш учун энг мақбул самарали транспорт-логистика коридорларини яратиш, энг аввало, Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантириш;
– европалик истеъмолчилар ўртасида Марказий Осиё мамлакатлари маҳсулотларининг танилиши ва харидоргир бўлиши учун қўшма маркетинг тадқиқотлари ҳамда мақсадли тадбир ва акциялар ўтказиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Ушбу масалаларни тизимли равишда ҳал қилиш учун Президентимиз Бош вазир ўринбосарлари даражасида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” Иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этишни таклиф қилди.
Ушбу тузилма фаолияти доирасида “Глобал дарвоза” ташаббусининг мақсад ва вазифаларини қамраб олган ҳолда, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ўзаро транспорт-коммуникация боғлиқликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегик дастурни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Европа инвестиция банкининг минтақавий офисини очиш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга тайёрлиги билдирилди.