Ўзбекистон хурмо етиштириш ва экспорт қилиш бўйича дунёдаги энг йирик беш давлатдан бири ҳисобланади
Олтин куз инъом этган неъматларни санаб адоғига етиб бўлмаса керак. Бу фаслда пишиб етилган сархил мевалар ичида, айниқса, хурмонинг фойдали жиҳатлари жуда кўп. Шу кунларда юртимизга хурмо ғарқ пишган, бозорларимизда хурмонинг бир неча хил турларини топиш мумкин.
Шифокорларнинг таъкидлашича, хурмо қаришни секинлаштиради ва кўриш қобилиятини яхшилайди. Барча апельсин ранг меваларда бўлгани каби хурмода ҳам бета-каротин кўринишидаги А витамини кўп. Организм 100 грамм хурмодан бу муҳим элементнинг 12 фоиз кундалик нормасини олиши мумкин. А витамини – ҳужайраларни эркин радикаллардан ҳимояловчи, қариш жараёнини секинлаштирувчи ва саратон хавфини камайтирувчи кучли антиоксидант. Бу витамин ўткир кўриш қобилияти гаровидир. Унинг етишмаслиги инсоннинг кечки пайт ва қоронғуда кўриш қобилиятининг ёмонлашувига олиб келади.
Бундан ташқари, бета-каротин қуёш остида куйиб кетмасликка ёрдам беради: у терини ультрафиолет нурларнинг зарарли таъсири, қуриш ва ёрилишдан ҳимоялайди.
Шуниси муҳимки, хурмода А витамини айнан бета-каротин кўринишида бўлади. Бу кўриш билан боғлиқ муаммолар, терининг кўчиши, суяклардаги оғриқлар ва буйраклар касалликларини келтириб чиқарувчи дозани ошириб юбориш хавфини камайтиради.
Хурмонинг энг фойдали хусусиятларидан яна бири у иммунитетни мустаҳкамлайди. Унинг таркибида антиоксидант мавжуд. Яъни унинг таркибидаги С витамин иммунитет ҳимоячиси вазифасини ўтайди. Масалан, 100 грамм мевада шу витамин кундалик нормасининг 10 фоизи мавжуд, у шамоллаш ва тумовнинг олдини олишда ёрдам беради. Шу билан бирга, у профилактик восита сифатида самара беради.
Энг асосийси, хурмо кайфиятни кўтариш хусусияти эга. Хурмода моносахаридлар: глюкоза ва фруктоза кўп бўлгани учун ҳам ширин. Бу шакарнинг энг фойдали тури. У юракни мустаҳкамлаб, кайфиятни кўтаради. Хурмо – шоколад каби антидепрессант ва тинчлантирувчи ҳамдир, фақат калорияси камроқ: 100 граммида атиги 60-70 ккал бор.
Афсуски, хурмонинг акс таъсири ҳам бор. Танин моддасининг кўплиги қабзиятни келтириб чиқариши мумкин. Бир неча йил мобайнида мунтазам равишда хурмо ейиш эса, ҳатто ошқозонда безоарлар – яхши ҳазм бўлмайдиган моддалардан иборат зич пуфакчалар пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.
Шундай экан, хурмони меъёрида истеъмол қилган маъқул. Мутахассислар соғлом катта ёшли кишиларга кунига 4 тадан кўп бўлмаган хурмо мевасини ейиш тавсия этади.
Юртимиз хурмо етиштириш ва экспорт қилиш бўйича дунёдаги энг йирик беш давлатдан бири ҳисобланади. Ўзбек хурмоси ширалилиги ва ўзига хос таъми билан машҳур.
Маълумотларга кўра, Фарғона вилояти хурмо етиштиришда етакчилик қилиб келмоқда. Сўнгги уч йилда вилоятда ўрта ва йирик плантацияларнинг умумий майдони 33 фоизга ошган, яъни 604 гектардан 804 гектарга. Вилоятда хурмонинг 10 дан ортиқ нави етиштирилади. 2021 йилда Фарғона вилоятидан ташқи бозорга 20,2 минг тонна хурмо жўнатилган бўлиб, бу умумий экспорт маҳсулотининг 32,6 фоизини ташкил этган.
Ўзбекистон озиқ-овқат саноати уюшмаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон қиймати 9,5 миллион АҚШ долларига тенг қарийб 16 минг тонна хурмо экспорт қилган.
Хурмо экспорти 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 5,3 минг тоннага ошган.
2022 йилнинг 9 ойида ўзбек хурмолари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Беларусь, Монголия сингари давлатларга энг кўп экспорт қилинган.
Гўзал Сатторова, ЎзА