Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги нутқи
Ҳурматли ҳамкасблар!
Сизларни чин дилдан самимий қутлашдан беҳад хурсандман.
Саммитни юқори даражада ташкил этгани ва анъанавий меҳмондўстлик учун Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Кемелевич Тоқаев номига билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Бугунги учрашувимиз МДҲ доирасидаги ҳамкорлик бўйича асосий фаолиятимиз якунларини сарҳисоб қилиш ва келгусидаги режаларни белгилаб олиш учун яхши имконият ҳисобланади.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Куни кеча Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш йиғилишида биз жаҳонда юзага келаётган вазият ҳақида батафсил фикр алмашиб олган эдик.
Кучайиб бораётган танглик ва стратегик ноаниқлик, замонавий дунё тартиботининг асослари ва тамойилларига путур етаётганини барчамиз қайд этдик.
Озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигига қарши таҳдидлар хатарли даражага етиб, кўплаб минтақаларда ижтимоий ларзалар ва беқарорлик ҳолатларини келтириб чиқармоқда.
Афсуски, Ҳамдўстлик макони ҳам бундан четда қолаётгани йўқ. Ушбу салбий тенденцияларнинг барчаси барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган умумий ҳаракатларимизга тўсқинлик қилмоқда.
Кўриниб турибдики, бундай кенг кўламдаги муаммоларни фақатгина биргаликда ҳал этиш мумкин. Айнан шунинг учун биз МДҲ майдонидан максимал даражада фойдаланишимиз – Ташкилотимизнинг мавжуд салоҳиятини чуқур таҳлил қилишимиз ва кўп қиррали ҳамкорликнинг бутун имкониятларини ишга солишимиз лозим.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Шуни мамнуният билан қайд этмоқчиманки, мавжуд хатарларга қарамасдан, биз МДҲ доирасида барча йўналишлар бўйича ижобий ўсиш суръатларини таъминлашга эришмоқдамиз. Хусусан, Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик давлатлари билан товар айланмаси, ўтган йил якунига кўра, 35 фоизга ошди, жорий йил бошидан буён эса яна учдан бир баробар ўсди.
Машинасозлик, энергетика, кимё, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Биргина сўнгги ойларнинг ўзида МДҲ мамлакатларидаги шерикларимиз билан 800 дан ортиқ янги корхоналар ишга туширилди.
Маданий алоқаларимиз жадал ривожланмоқда. Мунтазам равишда фестиваллар, концертлар, ярмаркалар, спорт ва бошқа тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Бугунги босқичда, бизнинг назаримизда, умумий ҳаракатларимизни қуйидаги масалаларнинг ечимига қаратишимиз муҳимдир.
Биринчи. Ўзаро савдодаги тўсиқларни тезкор бартараф этиш юзасидан амалий чоралар қабул қилишимиз зарур. Биз бу ҳақда жуда кўп гапирдик. Энди амалий ҳаракатларга ўтиш вақти келди.
Ўзбекистон МДҲ доирасида эркин савдо тартибидаги мавжуд чекловларни тўлиқ бекор қилишга тайёр.
Биз, шунингдек, 2009 йилдаги Товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш қоидаларига қўшилиш тўғрисида қатъий қарор қабул қилдик. Ҳамдўстликдаги ҳамкорларимиздан ҳам ана шундай ҳаракатларни кутиб қоламиз.
Қабул қилинган МДҲнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган иқтисодий тараққиёт стратегиясини амалга ошириш мақсадида турдош вазирларимизга ўзаро савдо ўсишини рағбатлантириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиққан ҳолда, бир ой муддатда маслаҳатлашувлар ўтказишлари юзасидан топшириқ беришни таклиф этаман.
Иккинчи. Озиқ-овқат хавфсизлиги ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналиши бўлиб қолмоқда. Нарх-навонинг сунъий ўсишига йўл қўймаслик ҳамда инфляцияни жиловлаш мақсадида МДҲ маконида озиқ-овқат маҳсулотлари тўсиқларсиз етказиб берилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳимдир.
Ўзбекистон ўз ҳамкорларини узоқ муддатли фьючерс шартномаларини тузиш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, эртапишар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга тайёр.
Ўз навбатида, биз ғалла, ёғ-мой ва озуқабоп экинларнинг кафолатланган тарзда етказиб берилишидан манфаатдормиз.
МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашига талаб юқори бўлган озиқ-овқат товарларини кафолатланган тарзда етказиб берилишининг ҳар йилги квотасини келишиш механизмини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш юзасидан топшириқ берилишини таклиф этамиз.
Учинчи. Мамлакатларимизнинг транспорт тизимига бўлган жиддий таҳдидларни инобатга олган ҳолда, янги логистика йўлакларини ҳамкорликда ривожлантириш ғоят муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Бу ўринда гап Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар ҳамда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлларини қуриш бўйича лойиҳалар ҳақида бормоқда. Ушбу йўллар МДҲ трансконтинентал транспорт ташувларининг муҳим занжирига айланишига кўмаклашади ҳамда юкларни олиб ўтишнинг муддати ва нархини бир неча баробар қисқартириб, амалдаги йўналишларни изчил тўлдириб боради.
Ишончим комилки, трансмиллий йўлакларнинг кўпвариантли бўлиши Ҳамдўстлик давлатлари маҳсулотлари учун кенг кўламли янги бозорларни очади.
Тўртинчи. Ўзаро инновацион ҳамкорлик ва ёшлар масаласида муносабатлар соҳасида қабул қилинган стратегик дастурий ҳужжатларни амалга ошириш мақсадида кейинги йил Ўзбекистонда МДҲ мамлакатлари ёш олимларининг “Ёшлар – инновация тарафдори” шиори остидаги биринчи конгрессини ўтказишни таклиф этамиз.
Анжуман доирасида стартап лойиҳалар ва инновацион ишланмалар кўргазмаси, тўртинчи авлод жаҳон саноат етакчилари иштирокида тақдимотлар ҳамда “маҳорат дарслари” ташкил этилади.
Бешинчи. Гуманитар ҳамкорлик соҳасида таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат борасидаги қўшма лойиҳа ва дастурларнинг амалга оширилишида янада фаол кўмаклашиш ва иштирок этишга тайёрмиз.
2023 йилда Санкт-Петербург шаҳрини МДҲнинг маданият пойтахти деб эълон қилиш ҳақидаги қарорни қўллаб-қувватлаймиз.
Ўз навбатида, қадимий Самарқанд шаҳрини 2024 йилда МДҲнинг маданият пойтахти деб, эълон қилишни таклиф этамиз. Бундан ташқари, ҳар йили шахмат бўйича Ҳамдўстлик очиқ кубогини ўтказиш ташаббусини илгари сурамиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Ўзбекистон томони бугунги саммитнинг кун тартибига киритилган ҳужжатларнинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлайди.
Биз, шунингдек, Ташкилотнинг Ижро қўмитаси раиси – МДҲ Ижрочи котиби Сергей Николаевич Лебедевнинг ваколатлари навбатдаги муддатга узайтирилишини маъқуллаймиз.
Биз уни тажрибали ва масъул раҳбар сифатида яхши биламиз, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп томонлама муносабатларни кенгайтириш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларини қадрлаймиз.
Сўзимнинг якунида Қирғиз Республикаси Президенти Садир Нургожоевич Жапаровга Ташкилотимизга келгуси йилда қиладиган раислик фаолиятида муваффақиятлар тилаб қоламан.
Ишонаманки, бугунги йиғилиш якунлари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги маконида амалий ҳамкорлик самарадорлигини оширишга имкон беради.
Эътиборингиз учун ташаккур.