БМТ Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов Нью-Йоркдаги БМТ бош қароргоҳида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.
ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, мулоқот чоғида В.Нoрoв таъкидлаганидек, Ўзбекистон БМТни осойишталик ва барқарор ривожланишни таъминлаш, бутун дунёда инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича универсал ва ишончли халқаро тузилма, деб билади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг БМТ ва ушбу ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари фаолиятидаги иштироки жадаллашгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг турли йўналишлардаги бешта резолюцияси қабул қилинди. БМТ юқори даражадаги делегацияси ўтган ҳафта Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида иштирок этди.
A.Гутeрриш мамлакатимиз раҳбариятининг ортга қайтмас хусусиятга эга, илғор ва кенг кўламли ўзгаришларни амалга оширишга йўналтирилган сиёсий иродаси ва қатъиятини юксак баҳолади. БМТ Ўзбекистонни очиқлик ва ислоҳотлар сиёсатини амалга ошириш йўлида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлиги таъкидланди.
Бош котиб Ўзбекистон ва БМТ ўртасида жадал кенгайиб бораётган ҳамкорликни олқишлаб, шундай деди: "Ўзбекистон тинчлик, хавфсизлик, инсон ҳуқуқи масалаларидан тортиб, иқлим ва барқарор ривожланишгача бўлган барча соҳалардаги ишончли ҳамкоримиздир. Мамлакат БМТнинг кўп томонлама кун тартибини илгари суришда етакчи ўрин эгаллайди".
Давлатимизнинг Орол денгизи қуриши оқибатини юмшатиш, Орол бўйи аҳолиси турмуш даражаси ва сифатини ошириш, минтақада замонавий уй-жой, ижтимоий ва саноат инфратузилмаси объектлари қуриш борасидаги саъй-ҳаракати БМТ томонидан юқори баҳоланиши маълум қилинди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, шунингдек, Ўзбекистон томонидан минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши маълум қилинди.
Учрашув якунида томонларни қизиқтирган масалалар бўйича яқин мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА