Хитой Халқ Республикаси Раиси «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан тақдирланди
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – «Олий Даражали Дўстлик» орденини тантанали равишда топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу мукофотни топширар экан, Хитой Раиси халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари, ишонч ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга улкан ҳисса қўшганини қайд этди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва Хитой етакчисининг алоҳида эътибори туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган юксак даражага чиққани, мукаммал ва жадал тус касб этгани қайд этилди. Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликка оид кенг кўламли дастур ва лойиҳалар фаол амалга оширилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон Республикасининг олий мукофоти билан тақдирланиши унга халқаро миқёсдаги давлат ва сиёсат арбоби сифатида чуқур ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.
Хитой Раиси “Олий Даражали Дўстлик” орденига сазовор бўлган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлди.