“Фаол тадбиркор” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш ва инновациялар жорий қилишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган бизнес вакилларини рағбатлантириш, шунингдек, 2021 йил 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:
1. “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони таъсис этилсин.
2. Белгилансинки:
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш, инновациялар жорий қилиш, солиқларни ўз вақтида тўлаш, маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш, етук мутахассислар тайёрлаш ҳамда бизнесдаги муваффақиятлари ва ижтимоий фаоллиги билан барчага намуна бўлаётган тадбиркорлар тақдирланади;
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, вазирлик, идора ва жамоат бирлашмаларининг республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, бунга вакил қилинган бошқа шахслар томонидан тантанали вазиятда топширилади;
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар ҳақида ҳар йили “Йилнинг илғор тадбиркорлари” китоби чоп этиб борилади.
3. Қуйидагилар:
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишонининг тавсифи 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Вазирлар Маҳкамаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда:
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномалари белгиланган тартибда тайёрланишини;
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар ҳақида ҳар йили “Йилнинг илғор тадбиркорлари” китоби чоп этиб борилишини таъминласин.
5. Молия вазирлиги ҳар йили “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонини бериш, уни тайёрлаш ҳамда “Йилнинг илғор тадбиркорлари” китобини чоп этиш билан боғлиқ сарф-харажатлар учун Савдо-саноат палатасининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан тегишли маблағларни ажратиш чораларини кўрсин.
6. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлашга бағишланган тадбирларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 19 август
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2022 йил 19 августдаги ПҚ–356-сон қарорига
1-илова
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони (кейинги ўринларда – кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.
2. Кўкрак нишони билан мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш, инновациялар жорий қилиш, солиқларни ўз вақтида тўлаш, маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш, етук мутахассислар тайёрлаш ҳамда бизнесдаги муваффақиятлари ва ижтимоий фаоллиги билан барчага намуна бўлаётган тадбиркорлар тақдирланади.
Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
2-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун ҳужжатларни
тақдим этиш ва кўриб чиқиш
3. Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда, кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодлар бўйича таклифларни ҳар йили 10 июлга қадар Савдо-саноат палатасига (кейинги ўринларда – Палата) тақдим этади.
4. Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларга номзод ҳақида қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
номзоднинг маълумотномаси (объективка);
номзоднинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (фуқаролик паспорти ёки ID-карта);
номзоднинг сўнгги уч йил давомида тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги фаолияти акс эттирилган тавсифнома.
5. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш учун Палата раиси томонидан 7 кишидан иборат таркибда комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) ташкил этилади.
6. Комиссия таркиби ва Комиссия тўғрисидаги низом Палата раиси томонидан тасдиқланади.
7. Кўкрак нишонига номзодларни кўриб чиқиш натижалари ҳар йили 25 июлга қадар Комиссия баённомаси билан расмийлаштирилади.
8. Номзодларнинг рўйхати, улар томонидан амалга оширилган ишларнинг қисқача тавсифи Комиссия баённомасининг тегишли иловаси билан тасдиқланади ва унинг асосида тақдимнома тайёрланади.
9. Тақдимнома Палата раиси имзоси билан ҳар йили 1 августга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссияга киритилади.
3-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби
10. Кўкрак нишони билан тақдирлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан амалга оширилади.
11. Кўкрак нишони ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, вазирлик, идора ва жамоат бирлашмаларининг республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, бунга вакил қилинган бошқа шахслар томонидан тантанали вазиятда топширилади.
12. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.
13. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
14. Палата ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.
15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2022 йил 19 августдаги ПҚ–356-сон қарорига
2-илова
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишонининг
ТАВСИФИ
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, 0,25 микрон қалинликдаги олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади.
Кўкрак нишонининг ўрта қисми диаметри 25 миллиметр бўлган доира шаклидаги бўртма гардиш билан ўралган. Доиранинг марказида белги-тамғалар тасвирланган бўлиб, бундай тамғалар қадимги уста-ҳунарманд тадбиркорлар томонидан ясалган ва сотувга чиқарилган ҳамда Ўзбекистон ҳудудида топилган маҳсулотлар намуналарида акс этган. Улар азалдан юртимиз ҳудудида яшаб келган тадбиркорларнинг рамзлари бўлиб келган.
Марказдаги белги-тамғалар атрофида уларни ушлаб турган тадбиркор қўлларини ифодаловчи тасвирлар тилла рангда акс эттирилган.
Кўкрак нишонининг устки қисмида айлана бўйлаб “FAOL TADBIRKOR” ёзуви битилган. Ҳарфларнинг баландлиги – 2,2 миллиметр.
Кўкрак нишонининг пастки қисмида айлана бўйлаб 5 қиррали 14 юлдуз акс эттирилган.
Кўкрак нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган.
Тасвирлар ва ёзувлар бўртмадир.
Кўкрак нишони илмоқ ва ҳалқа ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган. Қадағич бўйи – 19 миллиметр, эни – 25 миллиметр.
Қадағич тенг ўлчамли кўк ва оч кўк рангдаги шойи лента билан қопланган бўлиб, унинг эни 21 миллиметрни ташкил этади.
Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.