ИТСВ: Тошкентда Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ҳудудлари раҳбарларининг форуми ўз ишини бошлади
ТОШКЕНТ, 3 август. /«Дунё» АА/. Бугун, Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) мамлакатлари ҳудудлари раҳбарлари форуми ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан маълум қилинишича, тадбир Ўзбекистоннинг ушбу Ташкилотга раислик қилиши доирасида ўтказилмоқда ва шу билан бирга у бир қатор устувор йўналишларда ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича доимий фаолият юритувчи мулоқот майдончасига айланиши кутилмоқда.
Кун тартибига мувофиқ, Форум вазирликлар ва идоралар, ҳудудлар раҳбарлари ҳамда Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон делегациялари раҳбарлари иштирокидаги ялпи мажлис билан очилди.
Ўзбекистон делегациясига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев раҳбарлик қилди. Форумдаги нутқида у ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида кўп қиррали стратегик ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, ҳозирги тадбирнинг асосий мақсади савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа устувор йўналишларда ҳудудлараро ҳамкорликни ҳар томонлама чуқурлаштиришдан иборат эканлигини таъкидлади.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик нуқтаи назаридан қайд этилганидек, давом этаётган пандемияга қарамай, Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо айланмаси 2021 йилда 24 фоизга ўсиб, 20 миллиард доллардан ошди. 2022 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич қарийб 30 фоизга кўпайиб, 12 миллиард долларни ташкил этди. Ижобий динамикани сақлаб қолиш учун Ташкилот доирасида 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳудудлараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Жорий йилнинг кузида олий даражада имзоланиши кутилаётган ушбу ҳужжат савдо тўсиқларини бартараф этиш, техник регламентларни бирлаштириш, божхона тартиботларини рақамлаштириш, маҳсулотларнинг бозорларга ўзаро етказилишини осонлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни қамраб олади, бу эса ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги ҳудудлараро савдони бутунлай янги босқичга олиб чиқади.
Эришилган натижалар ва саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболлари қайд этилди. Бу йўналишда ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Сўнгги бир неча йил ичида ШҲТга аъзо давлатлар капитали иштирокида Ўзбекистонда ташкил этилган корхоналар сони 4 баравар кўпайиб 7,5 мингдан ошди, 2021 йил охирида Ташкилот мамлакатларидан жалб қилинган инвестициялар ҳажми 4,6 миллиард долларни ташкил қилди, бу эса ишбилармонлар ўртасида бевосита ҳамкорликни ўрнатишга ўзаро қизиқишнинг юқорилигини англатади.
Самарқандда ташкил этилаётган "Ўзбекистон – ШҲТ" саноат зонаси Ташкилот доирасида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун самарали платформа бўлиши кутилмоқда. Саноат зонаси имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун унинг ҳудудида ШҲТ Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш марказини яратиш таклиф қилинди. Марказнинг асосий вазифаси саноат, инфратузилмавий, хом ашё ва инсон ресурсларини сафарбар этишдан иборат бўлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон томонидан озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, экологик, соғломлаштириш, зиёрат туризми ва бошқа соҳалар бўйича муносабатларни кенгайтиришга доир аниқ таклифлар илгари сурилди.
ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари ўз маърузаларида Ўзбекистоннинг Ташкилотга самарали раислик қилаётганлигини таъкидладилар ва ҳудудлар ўртасидаги ушбу мулоқот платформаси доирасида муносабатларни янада кенгайтириш бўйича ўз фикрларини билдирдилар.
Тадбир давомида панель сессиялари ҳам ташкил қилинди. Мутахассислар очиқ мулоқотда савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа устувор йўналишларда ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини муҳокама қилдилар.
Форумнинг иккинчи кунида давра суҳбати тарзида бизнес-форум, шунингдек, бизнес тузилмалари вакиллари ва раҳбарлари ўртасида бир қатор учрашувлар ва музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Ушбу формат ишбилармонларга алоқаларни ўрнатиш ва ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олиш имконини беради.