Сенат Раиси Қорақалпоғистондаги вазият ҳақида тўхталди
Олий Мажлис Сенати ялпи мажлиси давом этмоқда.
Сенат Раиси мажлисда айни кунларда юртимизда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ муҳим сиёсий жараёнлар қизғин кечаётгани ҳақида тўхталди.
– Мазкур жараёнлар баҳонасида яқинда Қорақалпоғистонда рўй берган нохуш ҳодисалар содир бўлгани афсусланарли, – деди Танзила Норбоева. – Муҳими, айрим кучларнинг қанчалик ҳаракат қилишига қарамасдан бўлиб ўтган бу ҳодисалар ҳеч қачон халқимизнинг бирдамлигига рахна сола олмаслигига гувоҳи бўлдик. Аммо бу ҳолат ҳаммамиз ўзимизга тўғри хулоса чиқариш ва ўз ишимизни қайта кўриб чиқишимиз лозимлигини кўрсатди. Президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратди.
Бу воқеалар барча масалалар халқ билан ҳамнафас тарзда ва ўз вақтида ечилишига барча давлат органлари ва идораларининг кучи ва ресурсларини жалб қилиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммо ва масаланинг катта ва кичиги бўлмайди. Уларнинг ечими муҳим. Ҳар қандай кичик деб қаралган масала ўз ечимини топмаган тақдирда, албатта, бир куни катта муаммога айланади.
Халқ вакиллари сифатида бундай ҳолатга йўл қўйилмаслиги учун биринчи навбатда биз масъулмиз! Фурсатдан фойдаланиб, Қорақалпоғистондаги воқеаларда қурбон бўлган ҳамюртларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига ўзим ҳамда сенаторларимиз номидан ҳамдардлик билдираман ва сабр тилайман, шифохоналарда даволанаётган фуқароларимизга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилаймиз. Юртимиз доим тинч ва осойишта, халқимиз фаровон бўлсин, – деди Сенат Раиси.
Н.Абдураимова, ЎзА