Пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларни жорий қилишнинг қўшимча ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Пахта ҳосилдорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий қилиш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчилик, нав танлаш, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ишларини йўлга қўйиш орқали пахта-тўқимачилик соҳасида экспорт ҳажмлари ва даромадни ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Пахтачилик кенгаши (кейинги ўринларда – Пахтачилик кенгаши) ташкил этилсин ҳамда унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қуйидагилар Пахтачилик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ҳар йили ҳудудларда маҳаллий шароитларда яхши ҳосил бераётган навларни таҳлил қилиб, уларнинг супер элита ва элита уруғларини кўпайтириш бўйича илмий ташкилот ва уруғчилик корхонасини белгилаш;
ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос энг мақбул навларни ҳудудларда кўпайтириш ва экиш бўйича кластерларга топшириқлар (кўрсатмалар, буюртмалар) бериш;
тупроқ унумдорлиги, унинг кимёвий ва биологик хусусиятларининг илмий таҳлили асосида ҳудудларда қўлланилиши мумкин бўлган кимёвий ва органик ўғитлар бўйича тавсиялар бериш;
ғўза касалликлари ва ҳашаротларга қарши курашиш бўйича самарадор препаратларни қўллаш юзасидан кўрсатмалар ишлаб чиқиш
ва татбиқ этиш;
кластерларга ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитларига мос ғўза навларини экиш ва уруғларини кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ошириш, минерал ва органик ўғитлардан фойдаланиш ҳамда пахтачиликда сув ва ресурстежамкор технологияларни жорий этиш бўйича кўрсатмалар бериш;
хусусий секторни жалб қилган ҳолда давлат-хусусий ҳамда хусусий уруғчилик кластерларини ташкил этиш ва бу орқали рақобат муҳитини яратиш;
пахтачилик йўналишидаги илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгашининг Регламенти 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгашининг бошқарув гуруҳи таркиби 3-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши фаолияти йўлга қўйиладиган 13 та туманларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси 4-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши фаолияти йўлга қўйиладиган 13 та туманларда амалга ошириладиган пахтачилик йўналишидаги лойиҳалар рўйхати 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 мартдаги “Пахта майдонларида тупроқ унумдорлигини ва ҳосилдорликни ошириш, суғоришнинг янги технологияларини жорий этишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–179-сон қарорига асосан:
2022-2023 йилларда пахта майдонларида тупроқ унумдорлигини ошириш ва экологик ҳолатни яхшилаш учун субсидия ажратиш тажрибаси синовдан ўтказиладиган 13 та туманлар рўйхати тасдиқланганлиги;
2022-2023 йилларда синов тариқасида тупроқ унумдорлиги ва пахта ҳосилдорлигини ошириш, илмий асосланган алмашлаб экишни ва суғоришнинг янги технологияларини жорий этиш учун Давлат бюджети ҳисобидан ҳар бир гектар майдонга бир миллион сўмдан субсидия ажратилиши маълумот учун қабул қилинсин.
Белгилансинки, Пахтачилик кенгаши ўзига юклатилган вазифаларни дастлаб синов тариқасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 мартдаги “Пахта майдонларида тупроқ унумдорлигини ва ҳосилдорликни ошириш, суғоришнинг янги технологияларини жорий этишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–179-сон қарорига 1-иловада назарда тутилган 13 та туманларда амалга оширади.
4. Пахтачилик кенгаши бир ҳафта муддатда пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчилик, нав танлаш, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ишлари ташкил этиладиган 13 та туманларнинг ҳар бири бўйича ишчи гуруҳлари таркибларини тасдиқласин.
Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ҳамда вилоят ҳокимлари 13 та туманлар ишчи гуруҳлари фаолиятининг самарали ташкил этилишига шахсан жавобгар ҳисобланади.
5. Пахта ҳосилдорлигини оширишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи янги тартиби жорий қилинсин:
а) туман ишчи гуруҳлари пахта экилган майдонларда жойига чиққан ҳолда таҳлиллар асосида уруғчилик, нав танлаш, ерга ишлов бериш, биостимуляторларни қўллаш, ўғитлаш, ғўза касалликлари ва зараркунандаларига қарши курашиш ҳамда самарали суғориш бўйича ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос таклифларни Пахтачилик кенгаши бошқарув гуруҳига тақдим қилади;
б) Пахтачилик кенгаши бошқарув гуруҳи тақдим этилган таклифларни таҳлил қилиб умумлаштирган ҳолда Пахтачилик кенгашига тақдим қилади;
в) Пахтачилик кенгаши:
ҳудудда экилган пахта навларининг ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларига мос мақбулини танлаш, шунингдек, агротехник тадбирларнинг тўғри амалга оширилишини таъминлаш;
пахта экилган майдонлардаги тупроқнинг унумдорлигини ошириш ва самарали ер тайёрлашни ташкил қилиш;
пахта экилган майдонларда органик ва минерал ўғитларнинг қўлланилишини яхшилаш;
пахта экилган майдонларда ғўза касалликлари ва зараркунандаларига қарши курашиш бўйича замонавий технологияларни жорий қилиш;
пахта экилган майдонларда замонавий биостимуляторларни қўллаш;
пахта етиштириш жараёнида самарали суғориш тизимини ва тежамкор технологияларни жорий қилиш бўйича қарорлар қабул қилади;
г) Пахтачилик кенгашининг унга юклатилган вазифаларга асосан ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари мажбурий ҳисобланади;
д) Пахтачилик кенгаши фаолиятини ташкил этиш бўйича:
Пахтачилик кенгаши раиси (И.Ю.Абдурахмонов) кенгашга юклатилган вазифалар ижроси юзасидан ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот беради;
Пахтачилик кенгаши раисига маҳаллий ва хорижий малакали мутахассисларни жалб этиш ваколати берилади;
Пахтачилик кенгаши ва унинг бошқарув гуруҳи аъзоларига ҳамда Пахтачилик кенгаши фаолияти йўлга қўйиладиган 13 та туманлар ишчи гуруҳлари аъзоларига 6-иловага мувофиқ миқдорларда иш ҳақи тўланади. Бунда тўловлар Инновацион ривожланиш вазирлиги билан тузиладиган меҳнат шартномалари асосида амалга оширилади;
маҳаллий ва хорижий малакали мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш муайян ишни бажариш учун тузиладиган меҳнат шартномаларига асосан мутахассислар билан келишилган миқдорларда амалга оширилади.
6. Инновацион ривожланиш вазирлигига жорий йил якунига қадар “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси (И.Ҳайдаров) Уюшманинг тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 10 миллиард сўм ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси ҳисобидан 10 миллиард сўм ажратсин.
Бунда мазкур бандда назарда тутилган маблағлар Пахтачилик кенгаши ва унинг бошқарув гуруҳи аъзолари ҳамда 13 та туманлар ишчи гуруҳлари аъзоларига иш ҳақи тўлаш, шунингдек, Пахтачилик кенгашига маҳаллий ва хорижий малакали мутахассисларни жалб этиш харажатларини қоплашга йўналтирилади.
7. Ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:
а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ҳамда вилоятлар ҳокимлари 13 та туманлар ишчи гуруҳлари фаолиятининг самарали ташкил этилишига кўмаклашсин;
б) “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси (И.Ҳайдаров) Уюшманинг тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси ҳисобидан мазкур қарорга асосан Инновацион ривожланиш вазирлигига маблағлар ўтказиб берилишини таъминласин;
в) Пахтачилик кенгаши раиси И.Ю. Абдурахмонов:
Пахтачилик кенгаши ва унинг бошқарув гуруҳи аъзолари ҳамда 13 та туманлар ишчи гуруҳлари аъзоларига иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда тўланишини таъминласин;
13 та туманларда амалга оширилган ижобий натижалар асосида мазкур тажрибани республиканинг бошқа ҳудудларида жорий қилиш чораларини кўрсин.
8. Давлат активларини бошқариш агентлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда – Марказ) фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
Марказни Пахтачилик кенгашининг илмий-тадқиқот органи этиб белгилаш;
Пахтачилик кенгашининг соҳага доир кўрсатма ва тавсияларига асосан Марказ фаолиятини такомиллаштириб бориш;
Пахтачилик кенгаши раисини Марказ Кузатув кенгаши таркибига киритиш.
Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Марказ фаолиятини ташкил этиш ва молиялаштириш юзасидан тегишли қарор қабул қилсин.
9. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.Ходжаев), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кўчимов) Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдурахмонов) билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
10. Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдурахмонов, қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев белгилансин.
Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари С.Ў. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 7 июль