Ўзбекистон ТИВ раҳбари ИҲТ Бош котиби билан учрашди
ТИВ маълумотига кўра, Ҳусрав Нозири ташкилотни изчил ривожлантириш, ИҲТ доирасидаги конструктив ҳамкорликни жадаллаштириш, унинг дастурий мақсад ва вазифаларини самарали амалга оширишда Ўзбекистоннинг ўрни ортиб бораётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилни ИҲТда “Ўзаро узвий боғлиқликни мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи ИҲТга аъзо барча мамлакатлар томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлангани республиканинг тузилмадаги муҳим аҳамияти бирдай эътироф этилаётганидан далолатдир.
Бош котиб бирлашмага раислик доирасида Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган тизимли ишларга юқори баҳо берди. Ҳусрав Нозирининг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ташкилотнинг 2021 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган Ашхобод саммитида илгари сурилган барча ташаббусларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирилди.
Бўлажак тадбирлар, жумладан, ИҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган йиғилишига тайёргарликнинг ташкилий-концептуал жиҳатлари муҳокама қилинди.
Учрашувда ИҲТ доирасида савдо, инвестиция, озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги, транспорт йўлаклари ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Афғонистондаги вазият, ушбу давлатнинг ИҲТ фаолиятидаги иштирокини жадаллаштириш ва минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграциялашувига алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, Ҳусрав Нозири 2022 йил 25-26-июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этишини тасдиқлади.
Бош котиб ИҲТ Котибияти Ўзбекистон ҳукумати томонидан Қорақалпоғистонда тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, мамлакатда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар йўналишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Анвар Илёсов (“Дунё” АА) олган сурат