Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси 15 июлгача узайтирилди
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси билан боғлиқ масала кўриб чиқилди.
Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси натижалари бўйича масъул қўмита раиси Жаҳонгир Ширинов маъруза қилди.
— Маълумки, “Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида”ги қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил 24 июндаги қарорига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси 2022 йилнинг 25 июнидан 5 июлига қадар умумхалқ муҳокамасига қўйилган эди. Конституциявий қонун лойиҳаси “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталарида ҳамда “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформасида эълон қилинди.
Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан умумхалқ муҳокамаси мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қизғин ташкил этилмоқда. Парламент аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан ҳудудларда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда 120 минг нафар фуқаро иштирокида ўтказилган 2 мингдан зиёд учрашувда конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ишлари олиб борилди. Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси жараёнлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилмоқда.
Бугунги кунга қадар Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳоли ва фуқаролик жамияти институтларидан жами 57 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган. Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, умумхалқ муҳокамасининг дастлабки кунларида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан келиб тушган таклифлар кунига 700 га яқинни ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтга келиб, уларнинг сони кунига 10 мингга етмоқда. Ушбу рақамлар умумхалқ муҳокамаси аҳолининг мазкур сиёсий жараёнларга нисбатан дахлдорлик ҳисси ошиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришга қизиқиши тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда, — деди депутат.
Мажлисда таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза билдиришда фуқароларнинг фаоллиги ортиб бораётганлиги, келиб тушаётган таклифлар сони тобора ошаётганлиги умумхалқ муҳокамаси муддатини узайтириш заруратини юзага келтирмоқда. Шундан келиб чиқиб, депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддатини 2022 йил 15 июлгача узайтириш ҳақида қарор қабул қилдилар.
Умумхалқ муҳокамаси давомида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси юзасидан Қорақалпоғистон аҳолисидан келиб тушаётган таклиф ва мулоҳазалар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда билдирган таклифларини инобатга олиш зарур деб топдилар. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74 ва 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилиб, амалдаги нормаларни сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ деб топилди.
Мажлисда Конституциявий комиссия раиси ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов ҳамда комиссия аъзолари, сиёсий партиялар фракциялари вакиллари Конституциявий қонун лойиҳаси ҳамда унинг муҳокамаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, позицияларини билдирдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА