Президент: мен ёшлар етакчилари тимсолида бўлажак ҳокимлар ва вазирларни, сиёсий партиялар лидерларини кўраман
Тошкент шаҳридаги "Янги Ўзбекистон" боғида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ёшлар кунига бағишланган тантанали тадбир давом этмоқда.
–Жорий йилдан бошлаб 36 та спорт федерацияси, 274 та спорт мактаби ўз ҳудудидаги маҳаллалар, ўрта мактаблар, коллеж ва техникумлар билан ҳамкорликда ишлайди. Ҳар бир кўча, маҳалла, мактаб, коллеж ва техникумда футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси, велоспорт, югуриш, шахмат-шашка ва бошқа спорт турлари бўйича жамоалар тузилади. Бундан буён барча спорт мусобақалари “маҳалла – туман – вилоят – республика” занжири асосида ташкил этилади,– деди Президент. –Албатта, бундай ишларни амалга ошириш маҳалладаги ёшлар етакчиларидан катта масъулият ва ташаббускорлик талаб этади.
Ислоҳотларимиз навқирон авлод ҳаётига янада чуқур кириб бориши учун ёшлар етакчиларига кенгроқ имконият ва ваколатлар берсак, ўйлайманки, сизлар ҳам буни қўллаб-қувватлайсиз.
Бундан буён ҳар йили олийгоҳларнинг сиртқи бўлимига ўқишга қабул қилинган 500 нафар энг фаол ёшлар етакчиларининг контракт тўловлари Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тўлаб берилади. Шунингдек, “Ёш раҳбар кадрлар захираси” шакллантирилиб, унинг 30 фоизи ёшлар етакчилари ҳисобидан тўлдирилади.
Мен ёшлар етакчилари тимсолида бўлажак ҳокимлар ва вазирларни, йирик банк ва компаниялар, давлат ва нодавлат ташкилотлар, сиёсий партиялар лидерларини кўраман.
ЎзА