Тошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро инвестиция форуми ХХР ОАВ диққат марказида
ПЕКИН, 22 февраль. /«Дунё» АА/. Хитойнинг етакчи «Синьхуа» ахборот агентлиги “Ўзбекистон пойтахтида биринчи марта халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади” сарлавҳали ахборот материалини тарқатди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда қайд этилганидек, жорий йил 24-26 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган мазкур форумда Ўзбекистоннинг изчил ривожланиб бораётган бозорига интеграциялашишдан манфаатдор бўлган йирик халқаро инвестициявий, молия-иқтисодий ташкилотлар ҳамда компанияларнинг раҳбарлари иштирок этади.
Унда мазкур халқаро тадбир стратегик ташаббусларни муҳокама этиш ва амалга ошириш, Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятларини халқаро бизнес ҳамжамиятига намоён қилиш ҳамда йирик хорижий компаниялар, инвестор ва шерикларни истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилишига жалб этишга йўналтирилиши алоҳида таъкидланган.
“Анжуман чоғида Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш, транспорт инфратузилмаси, “яшил” энергетика, молиявий бозор учун яратилган шароитлар, шунингдек, сайёҳлик, қурилиш материаллари, тўқимачилик ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга сармоя жалб қилинишида тақдим этилган имтиёз ва қулайликлар муҳокама этилади. Форум доирасида анжуман қатнашчилари Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлари билан ҳам танишадилар”, деб ёзади «Синьхуа» ахборот агентлиги.