Ғазалхон ёшлар кечаси
Қарши давлат университетининг филология факультетида ғазалхонлик кечаси ўтказилди.
Филология фанлари доктори Нафас Шодмонов томонидан вилоятдаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида китобхонлик, мушоира ва ғазалхонлик даражасини оширишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган “Ёш навоийхон” анъанавий танловининг бу йилги босқичида нафақат иштирокчилар сони ортди балки, ўқувчиларнинг ёдлаган ғазаллари сони ҳам кўпайганини таъкидлаш жоиз. Танлов шартларига кўра, 100 та ғазал ёдлаган ўқувчигина биринчиликни қўлга киритади. Бироқ, бу галги танлов иштирокчиларнинг ёдлаган ғазаллари сони 200 га яқинлашгани танлов ҳайъатини ҳам лол қолдирди.
Якунда Қарши туманидаги 43-умумий ўрта мактабининг 8-синф ўқувчиси Дилбар Аҳмадова ёдлаган 200 га яқин ғазали билан танлов ғолибига айланди.Бугунги ғазалхонлик кечасида ушбу танлов ғолиблари тақдирланди. Уларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг китоблар жамланмаси ҳамда ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари туҳфа этилди.Тадбирда ёшлар томонидан буюк бобокалонларимиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалларидан намуналар ўқилди. Асарлари асосида саҳна кўринишлари намойиш этилди.